МДҲ лидерлари махсус хизматлар ҳамкорлигини кучайтиришмоқчи

Москвада бўлиб ўтган МДҲ давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этган, 2024 йил 8 октябри (president.uz фотоси)

Россия пойтахти Москвада 8 октябрь куни бўлиб ўтган МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш билан боғлиқ вазиятга алоҳида эътибор қаратилган. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Россия президенти раислигида ўтган саммитда Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Арманистон етакчилари қатнашган.

Қайд этилишича, учрашувда МДҲ мамлакатлари махсус хизматлари ва ваколатли идораларининг тизимли ҳамкорлигини йўлга қўйиш, таҳдидларга қарши курашиш усулларини такомиллаштириш, киберхавфсизликни таъминлаш соҳасида дастурий ҳужжатларни қабул қилиш муҳимлиги таъкидланган.

Расмий Тошкент Ўзбекистон ташаббуси билан 2025–2027-йиллар учун МДҲ давлатларининг Дерадикализация соҳасида ҳамкорлик дастури қабул қилинганини “саммитнинг муҳим натижаси” деб баҳолаган.

Машваратда интернет технологиялари ва “Катта маълумот” (Big Data) индустриясини ривожлантириш, рақамли ечимларни жадал жорий этиш, креатив иқтисодиёт, яшил энергетика ва ядро технологиялари, иқлим муаммолари каби йўналишларни қўллаб-қувватлаш муҳимлиги ҳам қайд этилган.

Москвадаги саммит Россия президенти Владимир Путиннинг туғилган кунига мўлжаллаб уюштирилган. Ҳар йили 7 октябрь куни Кремлга “дўст” мамлакатлар президентларининг Москвага бориб, Путинни шахсан табриклаб келиши ўзига хос анъанага айланиб улгурган.