Президент Шавкат Мирзиёев 28 октябрь куни янги “Меҳнат кодекси”ни тасдиқлади. Мазкур қонун 2023 йилнинг 30 апрелидан бошлаб кучга киради. Адлия вазирлигининг билдиришича, янги қонунда меҳнат муносабатларига оид қатор ўзгартишлар жой олган.
Янги кодексга асосан ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори иш стажига боғлиқ бўлади. Нафақа:
3 йилгача иш стажига эга бўлганларга ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизидан;
3 йилдан 5 йилгача иш стажига эга бўлганларга ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизидан;
5 йилдан 10 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизидан;
10 йилдан 15 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг 150 фоизидан;
15 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг 200 фоизидан кам бўлиши мумкин эмас.
Янги “Меҳнат кодекси”да йиллик асосий меҳнат таътилининг энг кам муддати 21 календар куни этиб белгиланди. Аввалги кодексда бу муддат камида 15 иш кунини ташкил этарди.
Бундан ташқари кодексда дам олиш куни ишланмайдиган байрам кунига тўғри келганда дам олиш куни байрамдан кейинги кунга кўчирилиши белгилаб қўйилди.
Шунингдек, кодексда синов муддатисиз ишга қабул қилинадиган шахслар рўйхати кенгайтирилди. Жумладан, хомиладор аёллар, уч ёшгача фарзанди бўлган аёллар ёки уч ёшгача бўлган болани ёлғиз ўзи тарбиялаётган эркаклар (васийлар), олийгоҳларда давлат гранти асосида ўқиган битирувчилар ҳам синов муддатисиз ишга қабул қилинадиганлар тоифасига киритилди.
Янги “Мехнат кодекси” Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан бир йил аввал қабул қилинган ва Сенат томонидан 2022 йилнинг мартида тасдиқланган эди.