Саратов вилоятида ФСБ томонидан қўлга олинган 24 яшар ўзбекистонлик “Исломий давлат” гуруҳига одам ёллаганликда айбланмоқда. Махфий хизматлар у Интернет орқали одамларни ёллаб, ўзи ҳам Сурияга чиқиб кетишга уринганлигини иддао қилмоқда.
24 яшар Ўзбекистон ватандоши экани айтилган муҳожир йигит Интернет орқали “Сурияга кетиш учун ўзига сафдош қидиргани” айтилди.
- Тинтув пайтида унинг шахсий буюмлари орасида, дастлабки тахминларга кўра, экстремистик мазмундаги адабиётлар топилди. Сўроқ пайтида айбланувчи ўз айбига иқрор бўлди, унинг ўзи тергов якунига қадар ҳибсга олинди, дейилади Саратов вилоят ФСБ бошқармаси хабарномасида.
1993 йилда туғилганлиги айтилаётган, аммо исми тергов сири сифатида ошкор этилмаётган муҳожир йигит сўроқ пайтида Башар Асад ҳукуматига қарши курашишга отланганини билдирган.
ФСБ ўзбекистонликка нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 208- моддаси 2- қисми (“Россия Федерацияси манфаатларига хилоф равишда хориж давлати ҳудудидаги қуролли уюшмада иштирок этишга ҳозирлик кўриш”) асосида жиноий иш очилганини маълум қилди.
Youtube порталида ўзбек муҳожирини қўлга олиш жараёни тасвирланган оператив видеолавҳа ҳам пайдо бўлди.
(Саратов вилояти УФСБси видеоси)
Унда бир неча қаватли уйнинг хонасига кириб борган маскалилардан бири қўли орқа томонга кишанланган ва ерда ётган шахсни камера олдида савол-жавоб қилаётганини кўриш мумкин:
- Ёт! Фамилиянг, исминг нима?
- .....
- Қаердан келдинг?
- Ўзбекистондан.
- Қачон келдинг?
- Кеча.
- Нима учун бу ерга келдинг?
- Иш излаб.
Кейин пешонаси билан деворга тираб қўйилган муҳожирнинг уйида тинтув ўтказилаётгани намойиш этилди. Маскадаги ходим йигитнинг кийимлари тахланган сумкасидан рус тилида ёзилган “Ценности намаза” (Намоз қадриятлари) ва “Книга единобожия” (Тавҳид китоби) асарини олади. Шунингдек, сумкадан Россиянинг ҳар бир бурчагида бепул тарқатилувчи 5-6 дона сим-карталар кўрсатилди.
Саратов ФСБси “дастлабки тахминларига кўра, экстремистик” экани айтилаётган бу икки китобнинг бири - Шайх Солиҳ ал-Фаузаннинг рус тилида чоп этилган “Тавҳид китоби” 2007 йилдан фақатгина Россияда тақиқланган диний адабиётлар рўйхатига киритилган.
Иккинчи китоб - Шайх ул-Ҳадис Мавлоно Муҳаммад Закария Кандаҳлавининг 2007 йилда Россиянинг Қозон шаҳрида рус тилида чоп этилган “Намоз қадриятлари” асари ҳам Россия “экстремистик адабиётлар” рўйхатидан жой олганини кўриш мумкин.
Кузатувчилар мазкур модда асосида содир этилган жиноят учун Россия қонунчилигида 15 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Озодлик охирги бир неча йилда экстремизм ва терроризмда айбланиб ҳибсга олинаётган ва судланган юзлаб ўзбек, тожик ва қирғиз муҳожирлари борасида хабар бериб келади.
Хусусан, 2017 йилнинг 1 сентябрида Москвада нишонланган Қурбон байрами арафасида ФСБ олиб борган махсус амалиёт натижасида икки муҳожир ушлангани айтилганди. “ИШИД” тарафдори экани айтилган бу муҳожирлардан бири байрамга келган мусулмонларга гўё совуқ қурол билан ташланиши, иккинчиси портловчи мослама билан оломон орасида террорчилик актини амалга оширишни кўзда тутгани хабар қилинган эди.
Мустақил журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари ФСБ ва махсус кучлар олиб бораётган бу каби амалиётларнинг аксари маҳаллий қонунларнинг қўпол бузилишлари билан амалга оширилаётгани борасида бонг уриб келмоқда.