Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев раҳбарлигида ўтган якшанба куни қишлоқ ҳўжалиги масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилганига муносабат билдирди.
Вазирлик қайдича, Меҳнат кодексининг 157-моддасига мувофиқ, ишдан ташқари иш вақтида ҳамда дам олиш кунларида ходимлар ишга жалб қилинганда уларга мазкур ташкилотнинг жамоа шартномасида белгиланган, лекин камида икки ҳисса миқдорида меҳнат ҳақи тўланиши лозим. Ишдан ташқари иш вақтида ёки дам олиш кунида ишга жалб қилинган ходимларга иш соатларига мутаносиб равишда отгул (қўшимча дам олиш куни) берилган бўлса, бундай ишлар учун камида бир ҳисса миқдорида меҳнат ҳақи тўланади.
Меҳнат вазирлиги 18 апрель куни ўтказилган видеоселекторда иштирок этган барча ташкилот ходимлари ўз меҳнат вазифаларига кирадиган масалалар юзасидан дам олиш кунида ишга жалб қилинганини урғулаган.
“Вазирликнинг Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ходимларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида тегишли ҳокимият, вазирлик ва идораларга дам олиш кунида ходимларни ишга жалб қилиш тўғрисида буйруқ расмийлаштириш ҳамда тегишли тўловларни амалга ошириш юзасидан огохлантириш хатлари берилган”, дейилган хабарномада.
Ўзбекистон президенти жорий йил январида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мажлисбозликка чек қўйиш масаласини яна бир бор кўтариб, кераксиз мажлисларни “отбозор”га ўхшатган эди.
“Мажлисбозлик касалига чалинган бўлсанглар, уйда мажлисларни ўтказинг. Кераксиз мажлисларни ўтказишни тугатиш керак. Отбозорга айланиб кетяпти. Баъзи раҳбарлар мажлисбозлик билан касал. Кераксиз мажлислар ўтказадиган… 40 дақиқадан кўпроқ мажлис ўтказадиганлар ишдан кетади”, деган эди ўша йиғилишда президент Ш. Мирзиёев.