“Мемориал”: Россиядаги сиёсий маҳбусларнинг 49 нафари жиннихонада сақланмоқда

Россиядаги психиатрик касалхоналарда сиёсий сабабларга кўра у ерга йўлланган камида 49 киши мажбурий муолажадан ўтмоқда. Бу ҳақда “Мемориал” ҳуқуқбонлик маркази маълум қилди.

Ҳуқуқ фаолларининг урғулашларича, бу сиёсий сабабларга кўра жиноятларда айбланганлар учун энг ёмон оқибатлардан биридир, чунки айбланувчилар мажбурий даволанишга муддатсиз йўлланади, касалхонада эса маҳкумлар калтакланади, таҳқирланади ва инсон онгига кучли таъсир қилувчи дорилар (масалан, галоперидол) билан эмланади.

Энг оғир ҳолатлардан бири шаман Александр Габишев иши бўлиб, у қарийб тўрт йилдан буён мажбурий даволанишда тутиб турилибди. “Путинни ҳайдаб чиқариш” маросимини амалга ошириш учун Москвага юриш қилишини эълон қилган бу киши ҳокимият вакилларига нисбатан зўравонлик ва экстремизмда айбланган.

Сиёсий маҳбусларни мажбурий даволанишга йўллаш ҳолатлари Россия қўшинларининг Украинага кенг кўламли босқини бошлаган 2022 йил февралидан буён айниқса кўпайган. Урушга қарши постлари ва Россия армияси тўғрисида “фейк” тарқатгани учун бу жазога маҳкум этилганлар орасида нижегородлик гид ва блогер Олег Непеин, мусиқачи ва журналист Андрей Гаевский, Москва физика-техника институти ижрочи директорининг ўринбосари Виктор Москалёв каби кишилар бор.