Дунёнинг турли жойларида яшаётган ўзбеклар Россия ҳукумати томонидан тугатилаётган “Мемориал” жамияти ҳимоясига чиқди. Президент Путин ва Россия ҳукумати номига йўлланаётган мурожаатларда инсон ҳуқуқлари ташкилотини сақлаб қолиш сўралади.
Путин ҳукумати “Мемориал”ни “хорижий агентлар” қонунини бузганликда айблаб келади.
Жумладан, меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оила-аъзолари ҳимояси билан шуғулланиб келган ташкилотнинг Кремль талаби билан бугунга келиб тўлаган жарималари миқдори 6,5 миллион рублга етди.
“Мемориал” ҳимоясига дунё бўйлаб бошқа тадбирлар ҳам давом этмоқда.
Ўзбек мигрантларининг "охирги умиди"
Дунёнинг турли давлатларида яшаётган ўзбеклар Кремль томонидан фаолияти тўхтатилаётган "Мемориал" жамияти ҳимоясига отланди.
Ҳозирда Швецияда сиёсий бошпана олган ўзбекистонлик Сардор “Мемориал” ва унинг таркибий бўлинмаси саналган “Фуқаровий кўмак” (“Гражданское содействие”) ташкилоти марказий осиёлик меҳнат муҳожирларига нисбатан қилинган ирқий, миллатчилик кайфиятидаги ҳужумлардан ҳам уларни ҳимоялаб келганлигини айтади.
Акцияга қўшилганини гапирган Сардор ўзи ва кўплаб танишлари айнан шу ташкилот кўмагида Россиядан Ўзбекистонга бериб юборилмаганини таъкидлайди:
- Буни "Мемориал"ни"қувватлаш акцияси деса ҳам бўлади. Қанчалик натижа беради, билмадим. Лекин, Путинга, ҳукуматига шундай хат юборишга қарор қилдим. Мен таниган яна бир неча киши шундай хат йўллади Россияга. Кўпчилик қочқинларнинг иши айнан шу ташкилот орқали битган. Улар Европа судининг 39-Қарори, яъни Ўзбекистонга ноқонуний тарзда бериб юбормаслик ишлари, уларнинг ҳуқуқларини Европа судида ҳимоялаш билан шуғулланиб келган. Ҳақ-ҳуқуқини билмайдиган кўп болаларимизга ёрдами теккан. Агарда “Мемориал” ёпилса, ҳимояга муҳтож муҳожирлар оғир аҳволда қолади. Бу ташкилот бизга ўхшаган муҳожирларнинг ҳам охирги умиди эди, - дейди Швецияда бошпана топган ўзбек муҳожири.
Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида яшовчи Амина Мамаюсупова "Мемориал"ни тугатмаслик талаби билан шахсан Россия президенти Владимир Путинга мурожаат қилди.
Озодлик билан суҳбатда у "Мемориал" террорчиликда айбланиб бундан 5 йил олдин қамалган ўғли Фарруҳнинг Россиядаги ягона ҳимоячиси бўлиб қолаётганини гапирди:
- Путинга хат ёздим. "Мемориал" ёпилаётганини ўғлимнинг ҳимоячиларидан эшитиб қолдим. Ўғлим Фарруҳ ноҳақ судланиб, террорчиликда айбланиб, 10 йилга Россияда қамалганди. Бу ташкилот у билан бирга қамалган юзлаб бошқа ўзбек мусулмонларини ҳимоя қилиб келаётганди. Нима бўлади уларнинг тақдири? Ягона умидим шундан эди. Шунга сиёсий қатағон қилинганлар рўйхатида бўлган ўғлим ҳимоясини таъминлаб келаётган ташкилотга босимни тўхтатишни илтимос ва талаб қилиб қоламан, деди Амина Мамаюсупова.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
"Мемориал" БМТга мурожаат йўллади
Россия ҳукумати йўқ қилишга уринаётган “Мемориал” жамияти ва инсон ҳуқуқлари маркази БМТга мурожаат йўллади.
Бу ҳақда ўзининг Телеграм-каналида хабар берган “ОВД-Инфо”га кўра, ҳуқуқ ҳимоячилари халқаро ташкилотдан даъволарга эътибор қаратишни ва "Мемориал"нинг тугатилишига йўл қўймасликни сўрамоқда.
Мурожаат БМТнинг сўз, бирлашмалар эркинлиги, ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳимояси, тарихий хотира ва ҳакамлар ҳамда адвокатлар масалалари бўйича махсус маърузачиларига юборилганини айтди “Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази адвокати Татяна Глушкова.
Мавзуга алоқадор Мигрантлар ҳимоячиси, ўзбекистонлик Валентина Чупик Шереметьевода ФСБ томонидан ушландиАввалроқ БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси томонидан “Мемориал”нинг Россияда тугатилиши эҳтимолидан хавотир билдирилган эди.
2021 йилнинг ноябр ойи бошларида Россия Бош прокуратураси Олий судга “Халқаро Мемориал” ва унинг таркибий бўлинмаларини “хорижий агентлар тўғрисида”ги қонунни тизимли равишда бузганликлари сабабли тугатиш тўғрисида” даъво киритган эди. Шунингдек, Москва прокуратураси, жумладан мигрантлар ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиб келган “Мемориал” инсон ҳуқуқлари марказини ҳам тугатишни талаб қилди. Бош прокуратуранинг таъкидлашича, марказ материалларида “халқаро террористик ва экстремистик ташкилотлар иштирокчилари фаолиятини оқлашнинг лингвистик ва психологик белгилари” мавжуд.
60 дан зиёд рус академиги ва Россия Фанлар академиясининг мухбир аъзолари, ёзувчи Александр Солженициннинг беваси Наталья Солженицина, собиқ сенатор ва инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсман Владимир Лукин, қатор нашриётлар ва таълим лойиҳалари раҳбарлари, Тинчлик бўйича Нобел мукофоти лауреатлари Дмитрий Муратов ва Михаил Горбачевлар “Мемориал” ҳимоясига чиқишди. Таниқли рус ёзувчиси Людмила Петрушевская "Мемориал"ни тугатиш ҳақидаги даъвога норозилик сифатида Давлат мукофоти лауреати унвонидан воз кечишини билдирди.
“Мемориал” кўп йиллик фаолияти давомида ҳамиша тарихий адолатни тиклаш, қатағонлар даврида ҳалок бўлган ва жабр чеккан юз минглаб инсон хотирасини асраш, бугунимиз ва истиқболимизда бунақа воқеалар бўлишига йўл қўймаслик учун курашиб келди”, дейилади Горбачёв ва Муратовнинг қўшма баёнотида.
Россия Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши “Мемориал”ни тугатиш талабини “адолатсиз ва номутаносиб ҳуқуқбузарлик” деб атади.
Бу талабларга жавобан Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков айбни “Мемориал”нинг ўзига тўнкаб қўйди: у жамият "узоқ вақтдан бери Россия қонунчилигига риоя қилиш борасида муаммоларга дуч келган", деди.
"Халқаро Мемориал" тарихий, таълим, хайрия ва инсон ҳуқуқлари жамиятлари (ММ) ва "Мемориал" инсон ҳуқуқлари маркази (ММ аъзоси, лекин алоҳида юридик шахсга эга - таҳририят) жамоат ташкилотларидан иборат бўлиб, Владимир Путин ҳукуматининг “хорижлик агентлар” тўғрисидаги қонунга риоя қилмаслик юзасидан охирги пайтларда 6,5 миллион рубл жарима тўлади.
- Иккала ташкилот ва уларнинг раислари 6, 5 миллион рубл (тахминан 79 минг евро) га яқин жарима тўлади, - деди журналистлар саволига жавоб берган адвокат Татьяна Глушкова.
Унинг сўзларига кўра, бир қатор жарималар бўйича апелляция аризалари берилган, улар кўриб чиқилмоқда.
18-ноябр, пайшанба куни Москвада “Мемориал” ташкилотлари раҳбарияти томонидан махсус матбуот анжумани ўтказилди.
Матбуот анжумани Россия Бош прокуратураси ва Москва шаҳар прокуратурасининг Халқаро мемориал ва Мемориал марказини тугатиш бўйича суд жараёнлари фонида ўтказилди.
Йиғилишда онлайн тарзда сўз олган Европа Кенгашининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Дуня Миятович “Мемориал” масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини билдирди.
- “Хорижий агентлар” ҳақидаги қонун одамлар ва ташкилотларга ёрлиқ босишдан ва қоралашдан бошқа нарса эмас, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги Европа стандартларига жавоб бермайди, - деди Миятович.
Унинг сўзларига кўра, “Мемориал” тугатилган тақдирда, расмийларнинг бу ҳаракатлари "Россияда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ҳалокатли оқибатларга олиб келади".
Мавзуга алоқадор Европа суди Москвада қулликда сақланган ўзбекистонлик ва қозоғистонликлар шикоятини кўриб чиқадиСиёсий маҳкумлар рўйхати
Сhange.org сайтида “Қўлингни Мемориалдан торт!"” петицияси тузилиб, унга ҳозирда 85 мингга яқин одам имзо чеккан. Ижтимоий тармоқларда ҳам ташкилот ҳимоясига флеш-моб бўлиб ўтмоқда – фойдаланувчилар ўз аватарларига "Биз"Мемориал" ёзувига ўзгартирмоқда. Бир қатор шаҳарларда ҳам ташкилот ҳимояси учун якка пикетлар ўтказилди.
Москвада "Мемориал"ни қўллаб-қувватлаган бир кишилик пикетларнинг камида етти нафар иштирокчиси қўлга олинди.
“Мемориал” вакиллари Россия расмийларининг хатти-ҳаракатларини “сиёсий босим” деб атаб, “ташкилотни тугатиш учун ҳеч бир қонуний асос йўқ”лигини таъкидлашмоқда.
Узоқ йиллардан буён “Мемориал” Инсон ҳуқуқлари ташкилотида фаолият юритиб келаётган ҳуқуқ ҳимоячиси асли ўзбекистонлик Баҳром Ҳамроев Озодлик билан суҳбатда ташкилотнинг тугатилишига “Мемориал” Россияда сиёсий маҳбуслар рўйхатини тузаётганини асосий сабаб қилиб кўрсатди.
- Дунёда инсон ҳуқуқлари ҳимояси масаласида энг танилган, Россия тарихида қолган “Мемориал”ни қонунга хилоф равишда, жиноий йўллар билан Россия ҳукумати ёпишга уринмоқда ва бунга эришди ҳам. 25 ноябрда суд бўлади – унда Бош прокуратура айблов билан чиққан бўлса, уни иккиланмасдан қабул қилишади. “Мемориал” умуман инсон ҳуқуқларига алоқаси бор – меҳнат муҳожирими, сиёсий қочқинми – шахсларни ҳимоя қилиб келган. Хусусан, Россияда “террорчи ва экстремист” деб қатағон қилинаётган минглаб мусулмонларнинг ҳимоясини ҳам таъминлаган. “Сиёсий маҳкумлар” рўйхатига уларни киритиб, ўзбеклар ва тожиклардан 150 нафарга яқинини ҳозир ўша рўйхатга олиб, уларга юридик ёрдам ташкил қилди. Фикримча, Россияга катта фойда келтираётган “Мемориал”нинг ёпилишига яна бир сабаб бор – Россияда уруш ҳолатлари арафасида шундай ташкилотлар ёпилади. Демак, Путин ҳукумати қандайдир фитна ишларни амалга оширишга ҳозирлик кўрмоқда, уруш очмоқчи, ва бизнинг ташкилот унга жиддий ҳалақит бериши мумкин, - деди Баҳром Ҳамроев.
“Мемориал” аъзоси жамият нафақат меҳнат мигрантлари ва қочқинлар, балки уларнинг оила-аъзолари ҳуқуқлари ҳимояси, ҳатто фарзандларини рус мактабларига жойлаштириш ишлари билан ҳам шуғулланиб келган.
"Мемориал" тарихидан
“Мемориал” жамияти 1988-йилда тинчлик бўйича Нобель мукофоти соҳиби Андрей Сахаров, диссидент Сергей Ковалёв ва бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан ташкил этилган.
Гуруҳнинг мақсади илмий-тадқиқот маркази, кутубхона, архив ва маърифий фаолият билан шуғулланувчи жамоат ташкилоти билан сиёсий қатағон қурбонлари хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуасини яратиш эди.
Аста-секин ташкилотнинг филиаллари СССРнинг бошқа шаҳарларида пайдо бўла бошлади. Андрей Сахаров унинг биринчи раиси бўлди.
1988 йилда уюшма расмий мақомга эга бўлиш жараёнини бошлади, бироқ коммунистлар қаршилигига учради. Ўша даврдаги СССР президенти Михаил Горбачев "Мемориал"га рўйхатдан ўтишда шахсан ёрдам берди.
"Мемориал" инсон ҳуқуқлари маркази "Халқаро Мемориал" деб номланган йирикроқ халқаро тарихий ва таълим тузилмасининг бир қисмидир. Россия бўлимларидан ташқари, уюшма Украина, Белгия, Германия, Франция, Италия, Қозоғистон ва Чехиядаги марказларни ўз ичига олади.
Бугунги кунда "Мемориал" иккита асосий иш йўналишда иш олиб боради. Биринчиси тарихий бўлиб, у қатағонлар, СССРдаги сиёсий репрессияларни таҳлил қилиш ва давлат террори қурбонлари хотирасини сақлашга қаратилган барча лойиҳаларни ўз ичига олади.
Иккинчи йўналиш - инсон ҳуқуқлари.
2021 йилнинг 11 ноябрь куни Россия Бош прокуратураси “Халқаро Мемориал”ни “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунни “тизимли равишда бузганлик”, яъни “хорижий агент” тамғасини олишдан бош тортгани учун тугатиш талаби билан Олий судга мурожаат қилган эди.