Германия канцлери Ангела Меркель Беларусь-Польша чегарасида вужудга келган миграция инқирозини “ҳимоясиз инсонлардан фойдаланган ҳолда амалга оширилаётган гибрид ҳужум”, деб атади.
Бу баёнотни Меркель Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали сўзлашуви чоғида берган. Миграция инқирози учун жавобгарликни у Беларусь расмийлари зиммасига юклаган. Бу Меркелнинг Путин билан ўтган уч кун ичида иккинчи бор телефон орқали мулоқот қилишидир.
Путин билан суҳбатда сиёсатчи чегарадаги нейтрал ҳудудда ҳозир юзлаб одам совуқда қолиб кетганини урғулаган. “Канцлер вазият Беларусь режимининг хатти-ҳаракатлари туфайли пайдо бўлганини таъкидлади”, дея маълум қилган унинг матбуот котиби Штеффен Зайберт.
Кремлнинг ушбу мулоқотга оид хабарномасига кўра, Путин Меркелга Европа Иттифоқи мавжуд миграция инқирозини Минск расмийлари билан муҳокама қилиши кераклигини айтган.
Суҳбатда Ангела Меркель Россия президентидан Беларусь-Польша чегарасидаги вазиятни бартараф этишда кўмаклашишни сўраган. ГФР канцлери Минскнинг ЕИга босим ўтказиш учун мигрантлардан фойдаланаётганини “ғайриинсоний ва мутлақо номақбул иш” деб атаган ҳамда Путиндан Минскдаги режимга таъсир ўтказишни илтимос қилган.
Жорий ҳафта аввалида Беларусь-Польша чегарасида бир неча ойдан бери давом этаётган инқироз бирдан кучайган. 8 ноябрь куни Беларусь ҳудудидан чегарага келган кўпсонли мигрантлар гуруҳи тўсиқлар оша ЕИ ҳудудига ўтишга уринган.
Брюсселга кўра, Беларусь режими санкциялар жорий этгани учун Ғарбдан ўч олиш мақсадида мигрантларни атайлаб Европа чегарасига ташламоқда. Расмий Минск эса мигрантлар Европа Иттифоқидан бошпана сўраётганини ва улардан ҳеч бир хавф йўқлигини иддао қилиб келади.