Meta ширкати ўз платформаларида (Facebook, Instagram ва Treads ижтимоий тармоқлари ҳамда WhatsApp мессенжери) Кремль назорати остидаги RT ва “Россия сегодня” медиагуруҳи эгалик қилган Россия давлат оммавий ахборот воситалари саҳифаларини блоклаб қўймоқчи. Бу ҳақда Reuters агентлиги корпорация баёнотига таянган ҳолда хабар қилди.
Баёнотда бу қарор юқорида зикр этилган ОАВ “интернетда яширин таъсир операцияларини ўтказиш учун алдов тактикасидан фойдаланганлари” ҳамда “хорижий аралашув билан боғлиқ фаолият” олиб борганлари туфайли қабул қилингани қайд этилган. Аккаунтлар блокировкаси яқин кунлар ичида бошланади.
Reuters қайдича, бу тақиқ дунёдаги энг йирик ижтимоий медиаширкат томонидан Россия давлат оммавий ахборот воситаларига қарши “чораларни кескин кучайтирилгани”ни англатади. Аввалроқ Meta реклама блокировкаси ва постлар қамровини кичрайтириш каби унча кескин бўлмаган қадамларни қўйган эди.
АҚШ расмийлари аввалроқ “Россия сегодня” медиагуруҳи, унинг директори Дмитрий Киселев, “ТВ-Новости” (RT телеканали ҳуқуқий шахси), шунингдек, “Евразия” ННТ ва унинг таъсисчиси Нелли Парутенкога қарши санкциялар жорий этган.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен “Россия сегодня” ва унга кирувчи “РИА Новости”, Sputnik ва RT Россия махсус хизматлари учун ишлашини билдирган. У мазкур нашрларни бутун дунё бўйлаб “дезинформация кампанияларида” иштирок этганликда айблаган.
Блинкенга кўра, RT телеканали Россия армияси учун пул тўплаган ва Молдовадаги сайловларга аралашган ҳамда пропагандистик канал ёйини Европа Иттифоқида тақиқлаганига қарамай, қароргоҳи Берлинда бўлган Red номли медиани бошқариб келмоқда.