Тошкент метрополитенида тўй, “келинсалом”, чойхонадаги ош ва бошқа саҳналарни суратга олган тиктокерлар гуруҳи жазоланган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
ИИВ хабарномасида метрополитенда расм ва видеога олиш тақиқланмагани, бироқ бунинг жамоат тартибини бузмаган ҳолда амалга ошириш лозимлиги урғуланган. Вазирлик қайдича, метрога овқат ҳам олиб кириш мумкин, лекин уни истеъмол қилишга рухсат берилган эмас.
“Жамоат жойида туриб аҳоли тинчлигини бузиш ва карантин тартиби кучайган вақтда тиббий ниқобларсиз оралиқ масофани сақламай юриш ҳам қилиниши мумкин бўлмаган ишлар қаторида”, дейилган хабарномада.
Мазкур ҳодисалар бўйича қоидабузарлик содир этган шахсларнинг ҳар бирига Жиноий ишлар бўйича Яшнобод ва Мирзо Улуғбек туманлари судлари томонидан Маъмурий жавобгарлик бўйича кодекснинг 183-(майда безорилик), 54-(эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) ва 115-моддаларига (метрополитендан фойдаланиш қоидаларини бузиш) асосан жами базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Ўзбекистонда БҲМ жорий йил 1 февралидан 245 000 сўм қилиб белгилангани эътиборга олинса, метрода тармоқ учун суратга тушган тиктокерларнинг ҳар бири эндиликда 980 минг сўмдан жарима тўлаши лозимлиги маълум бўлади.