МИБ кўп миллиардлик қарзлардан кўз юмгани аниқланди

Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туман бўлими мансабдор шахслари иш юритувидаги ижро ҳужжатларини асоссиз тамомлаши оқибатида фуқаро, жамият ва давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда моддий зарар етказилгани аниқланди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг маълум қилишича, МИБ 202,9 миллиард сўмлик 200 та ижро ишида қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган.

Жумладан, бюронинг туман бўлими иш юритувида бўлган “С.Б” МЧЖдан давлат фойдасига 19 миллиард сўмлик, “П.П” МЧЖдан 179,2 миллион сўм солиқ қарздорлигини ундириш тўғрисидаги ижро ишлари қонунчилик талабларига зид равишда асоссиз тугатилгани оқибатида солиқ қарздорлиги ундирилмай қолган.

Шунингдек, “СCГ” МЧЖдан 26,3 миллиард сўм, “Р.Ф.П.” МЧЖдан 19,4 миллиард сўм ва “Я.М.С.Э.Т” МЧЖдан 1,7 миллиард сўм солиқ қарзларини ундириш тўғрисидаги ижро ишлари мазкур корхоналар фаолият юритиб келаётган манзили аниқ бўлcа-да, асоссиз тамомланган.

Аксилкоррупция идорасига кўра, МИБ яна қатор ҳолатларда қарздорнинг номига расмийлаштирилган мол-мулк мавжуд бўлатуриб, солиқ тўловига оид ишларни якунланган.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан Тошкент шаҳри прокуратураси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатгани маълум қилингани ҳолда, кўп миллиардлик маблағларга доир ижро ҳужжатларини ўзбошимчалик билан ёпишга сабаб бўлган мотивлар очиқланмаган.

Ушбу хабар тарқалгач, ижтимоий тармоқларда ижро ҳужжатларини асоссиз равишда ёпиб юбориш МИБнинг барча тузилмаларида кенг ёйилгани ҳақида иддао илгари сурилди. Ҳисоб палатаси ва Аксилкоррупция идорасидан бу бўйича текширувларни кенгроқ кўламда ўтказиш таклиф этилди.