Ўзига ўт қўйиб ҳалок бўлган аёл воқеасида айбланган МИБ ходими икки йилга қамалди

Namangan - Gulandon Dadabayeva

Мажбурий ижро бюросининг Наманган шаҳар бўлими ходими Жобир Собитхонов суд ҳукми билан 2 йилга озодликдан маҳрум этилди.

МИБ ходими Ўзбекистон Жиноят кодексининг 208-моддасида (Ҳокимият ҳаракатсизлиги) назарда тутилган қилмишни содир этганликда айбли, деб топилди.

Суд Жобир Собитхоновни Наманган шаҳар, Истиқбол МФЙда истиқомат қилган 35 яшар ёлғиз аёл Гуландом Дедабаеванинг 29 сентябрь куни ўзига ўт қўйиб ҳалок бўлишида айбдор деб топди.

Гуландом икки ярим йил аввал сотиб олган уйидан мажбуран чиқармоқчи бўлган МИБ ходимларига шу тариқа ўз норозилигини изҳор қилган эди.

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди 17 март кунги сўнгги мажлисида шаҳар МИБ ходими Жобир Собитхоновни суд залининг ўзида қамоққа олиш ва уни икки йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Жобир Собитхонов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 208-моддаси билан айбдор деб топилди. Бу моддада шундай ёзилган:

“Ҳокимият ҳаракатсизлиги, яъни мансабдор шахснинг ўз хизмат вазифаси юзасидан бажариши шарт ва мумкин бўлган ҳаракатларни қасддан бажармаслиги фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса, шунингдек, бундай ҳаракатсизлик жиноятга йўл қўйган ҳолда содир этилган бўлса, — энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.

Наманган шаҳар МИБ ходими Жобир Собитхонов 2020 йилнинг 29 сентябрь куни Истиқбол МФЙда истиқомат қилган Гудандом Дедабаевани уйидан чиқариш учун ижро ҳаракати олиб борган ва бунинг оқибатида аёл ўзига ўт қўйиб ҳалок бўлган эди.

Озодликка юборилган видеода Гуландом Дедабаева МИБ ходимлари аввал унинг пулини ундириб берганидан сўнг уйдан чиқарилишини талаб қилган эди.

“Мен бу уйни 13 минг доллар санаб бериб олганман. Менинг бошқа борадиган жойим йўқ. Мени, онамни, иккита боламни боқадиган ҳеч ким йўқ. Мени мажбур қилманглар. Пулимни ундириб беринглар, мана ҳозир беринглар беш минутда бу уйни ташлаб чиқаман. Пулимни қайтариб берсин, МИБнинг ҳам кераги йўқ, маҳалланинг ҳам кераги йўқ, ўзим чиқиб кетаман. Ижрони қолдиринглар деганман, қолдиринглар. Ҳозир ўзимни ёқиб юбораман, уволимга қолиб кетасизлар”, - дейди Гуландом Дедабаева.

Қарийб бир ярим соат давом этган видеода Гуландом Дедабаева бир баклажка бензинни қарийб ярим соат гоҳ қўлида кўтариб юради, гоҳ ерга қўяди. Лекин на МИБ ходими, на ИИБ ва на ФВВ ходимлари баклажкани олиб қўяди.

Бу воқеадан сўнг Наманган вилоят прокуратураси бу ҳолат юзасидан жиноят иши очган ва ўтган йилнинг кузида суд бошланган эди.

Гуландом Дедабаеванинг акаси Исмоилжон Нишонов синглисининг ўлимида томошабин бўлиб турган ИИБ ва ФВВ ходимларининг ҳаракатларига қонуний баҳо бериш учун қайта терговга юборилганини айтади:

“Судья жуда адолатли инсон экан. Ҳар бир гувоҳнинг, жабрланувчи томоннинг кўрсатмаларини диққат билан тинглади. Ўша кунги фожиада ҳозир бўлган ИИБ ва ФВВ ходимларини прокуратура жавобгарликдан чиқариб ташлаган эди. Лекин судья ишни кўриб чиқаётиб, улар жавобгарликдан нотўғри четлатилган, деб уларга оид қисмини қайта терговга юборди. Бу мулозимларнинг иши бўйича яна суд бўлади. Синглимни ўзини ўлдиришгача мажбур этган, уч йил сарсон қилган МИБ ходимига чиқарилган бу жазо енгилдай кўринади, лекин адолат қарор топди. Кўнглимиздаги ғаму аламлар оловига бироз сув сепилгандай бўлди. Бунинг учун биз адолатли судья Давронбек Олимов ва мазлумлар ҳуқуқини ҳимоя қилган адвокат Анваржон Исматовга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз”.

Гуландом Дедабаеванинг ўлими ўзбек жамиятида катта резонанс уйғотган эди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева МИБ ижрочиларининг ҳаракатига норозилик билдириб ўзини ёққан наманганлик аёл воқеасига муносабат билдирган эди.

Мавзуга алоқадор Танзила Норбоева: МИБ ижрони кейинроққа қўйса ҳам бўларди

2020 йил 2 октябрь куни ўтган Сенат мажлисида Танзила Норбоева бу ҳақда гапирар экан, “агар ўша ернинг ўзида аёл асабийлашиб, жиғибийрон бўлиб, яна туриб олиб ҳаққини талаб қилаверган бўлса МИБ сабр-тоқат қилиб, қайтиб кетиб, ижрони кейинроққа қўйса ҳам бўларди”, деди.

Ўтган уч йил давомида Ўзбекистонда МИБ ходимларининг ҳаракатларига норозилик сифатида ўзига ўт қўйиш, осиш билан ўз жонига суиқасд қилган одамлар ҳақида Озодлик ўз вақтида хабар берган.

Жорий йилнинг 15 январь куни Фарғона шаҳри, Машъал маҳалласида яшовчи Фотима Усмонова МИБ ходимларига норозилик сифатида ўзига ўт қўймоқчи бўлган пайти қутқариб қолинди.

2018 йил Тошкент вилояти Қибрай тумани ҳокими бошчилигида 14 декабрь куни эрталаб фуқаролар қабули бўлиб ўтаётган пайтда, 29 яшар Нозима Эргашева ўзига ўт қўйганди.