Microsoft раҳбари АҚШ тарихидаги энг хавфли киберҳужумда Россия разведкасини айблади

Microsoft корпорацияси раҳбари Брэд Смит SolarWinds ширкатига уюштирилган ҳакерлик ҳужумига Россиянинг алоқаси борлигига оид далиллар мавжудлигини билдирди. Мазкур ҳужум АҚШ тарихидаги энг хавфли киберҳужум экани айтилади.

АҚШ Сенатининг разведка бўйича қўмитасида чиқиш қилган Смитнинг қайд этишича, мутахассислар киберҳужумнинг Россия разведкаси томонидан амалга оширилганига оид асосли далиллар топган, ҳужум бошқалар томонидан амалга оширганига оид эса ҳеч қанақа далил тополмаган.

Смитга кўра, Техасда жойлашган SolarWinds ширкати тизимига киришга имкон берувчи код шу қадар мураккабки, унинг устида камида минг нафар юқори малакали дастурчи ишлаган.

“Бу кўлаб давлат тузилмалари иштирокига ишора қилмоқда”, деган Microsoft раҳбари.

Сенатдаги тингловда иштирок этган FireEye ширкати раҳбари Кевин Мандиа ҳужум чоғида ҳакерлар Россия томонидан қўлланиб келинган воситаларга ўхшаш воситалардан фойдаланганини маълум қилган. Мандиага кўра, улар Хитой, Шимолий Корея ёки Эрон томонидан қўлланиладиган воситаларга ўхшамайди.

Декабрь ойи ўрталарида АҚШдаги қатор давлат идоралари ва хусусий ширкатларга ҳакерлик ҳужуми уюштирилгани хабар қилинганди. Ҳужумга учраганлар орасида Microsoft ширкати ва унинг мижозлари ҳам бўлган. Ҳакерлар серверларга SolarWinds ширкати дастур таъминотига вирус юқтириш орқали ёриб киришга муваффақ бўлишган. Ўшанда Қўшма Штатларда Мудофаа, Савдо, Энергетика, Ички хавфсизлик ва Молия вазирлиги дохил камида тўққизта федерал агентлик ҳамда 100 дан зиёд хусусий ширкат ҳужум нишонига айланганди. Вирусли дастурдан истеъфода этган фойдаланувчиларнинг умумий сони 18 мингга етиши мумкин.

АҚШ нашрлари аввалроқ ҳужум Россия хавфсизлик хизматлари назорати остида бўлган ҳакерлар томонидан уюштирилганини иддао қилиб чиққан.

Бироқ ўша пайтда АҚШ президенти бўлган Дональд Трамп ҳужум учун Россияни айблашдан бош тортган, Оқ уй эса Москванинг айбдорлигига оид расмий баёнот ёйинлаш фикридан сўнгги дақиқада воз кечганди.

Куни кеча Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан АҚШ яқин бир неча ичида SolarWinds ширкатига уюштирилган ҳакерлик ҳужумга жавоб беражагини билдирган. Салливанга кўра, жавоб “кўринадиган ва кўринмайдиган” бир неча воситани ўз ичига олади.