Кремлга алоқадорлиги тахмин қилинган “Троллар фабрикаси” АҚШ президенти лавозимига номзод Камала Ҳаррисни обрўсизлантиришга қаратилган фейк видеоларни тарқатмоқда. Бу ҳақда Microsoft ширкатининг сўнгги ҳисоботида айтилган.
Microsoft қайдича, россиялик троллар АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден сайловолди пойганидан чиққанидан бир ой ўтиб – август ойи охиридан бошлаб фаоллашган. Ҳисоботда Storm-1516 ва Storm-1679 деб номланган тролларнинг икки гуруҳи ҳақида сўз борган. Storm-1516 гуруҳи Ҳаррис ҳақида иккита фейк видео тайёрлаб тарқатган, уларнинг ҳар бири миллионлаб марта кўрилган. Биринчи роликда, унинг тагматнидан келиб чиқилса, “Ҳаррис тарафдорлари унинг рақиби Дональд Трампни қўллаб митингга чиққанлардан бирига ҳужум қилишмоқда”. Иккинчи ясама роликда эса унинг қаҳрамони бўлган аёл 2011 йилда Ҳаррис уни босиб кетгани, натижада у фалаж бўлиб қолганини иддао қилган. Мазкур видеоларни троллар фейк роликлари ёйинланишидан бор-йўғи бир неча кун олдин яратилган ва ўзини ОАВ сифатида тақдим этаётган сайтда ёйинлашган.
Париждаги Олимпиада ҳақида контент ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келган Storm-1679 гуруҳи ҳам Ҳаррис сиёсати ҳақида иккита сохта видео тайёрлаган. Улардан бирида Нью-Йоркдаги реклама лавҳаси тасвирланган бўлиб, лавҳада “Бутун Америка бўйлаб минглаб боланинг олати кесилишини кутмоқда. Ҳаррис учун овоз бер! У, сизга ёқадими-йўқми, фарзандларингиз учун жинси алмаштириш бўйича бепул жарроҳлик амалиётини ваъда қилмоқда. Ўғил болаларни яна қизларга айлантирамиз!” деб ёзилган фейк ташвиқот намойиш қилинган. Ролик тўрт соат ичида X ижтимоий тармоғида 100 минг мартадан кўпроқ марта кўрилган.
Microsoft кремлпараст эски ва янги “троллар фабрикаси” АҚШда 5 ноябрь куни бўлиб ўтадиган президент сайлови арафасида ясама роликларни, шу жумладан сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда яратилган роликларни тарқатишда давом этиши кутилаётганини қайд этган. Microsoft ҳисоботида бу каби “троллар фабрикаси” Эрон ва Хитойда ҳам фаолият олиб бораётганига тўхталинган.