Россиядан бадарға қилинган тожикистонлик мигрантларнинг деярли ярми исмини ўзгартириб, яна мамлакатга ишлаш учун кириб келган. Бу ҳақда Озодлик радиоси тожик хизмати ўтказган журналистик суриштирувда маълум қилинди.
Суриштирувда аниқланишича, Россиядан бадарға қилинган тожик мигрантлари ватанларига қайтгач, паспортлари йўқолиб қолганини баҳона қилиб янги ҳужжатларни расмийлаштиради. Янги паспортга улар исмларини ўзгартириб ёздиришади.
Тожикистон адлия вазирлигининг билдиришича, 2014 йилдан 2021 йилнинг биринчи ярмигача бўлган даврда 235 минг тожикистонлик исмини ўзгартирган. Биргина мана шу амалиётдан давлат пошлинаси сифатида ҳазинага 31 миллион доллар тушган.
Тожикистон Меҳнат вазирлиги қошидаги миграция хизмати исмларнинг ўзгартирилиши бадарға қилинганларнинг Россияга қайтиши учун имконият эканини эҳтимолдан соқит қилмайди. Миграция хизматининг билдиришича, 2020 йилнинг охиригача Россиядан жами 272 минг тожикистонлик депортация қилинган.
Суриштирув муаллифлари тожикистонлик 12 мигрант билан ҳам суҳбатлашган. Улар исмларини бир неча марта ўзгартириб, янги ҳужжатлар билан Россияга қайтганларини айтиб берганлар. Мигрантларнинг айримлари сўнгги 4-5 йил ичида тўрт мартагача паспорт алмаштиришган.