Айни пайтда Ўзбекистоннинг 35 миллионлик аҳолисининг 2 миллиони ёки деярли 20 фоизи доимий равишда меҳнат муҳожири бўлиб қолмоқда. Улардан 80 фоизи Россия ҳудудида, қолганлари Қозоғистон, Корея ва АҚШда ишламоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов МДҲ ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан ТАСС мухбирига берган интервьюсида маълум қилди.
Умрзоқовнинг айтишича, расмий Тошкент МДҲ ҳудудида меҳнат муҳожирларини ташкиллаштирилган равишда ишга жўнатиш механизми тезроқ жорий этилишидан манфаатдордир.
Умурзоқов Бандлик ва меҳнат вазирлиги яқин келажакда ишчи кучи экспорти Ўзбекистон экспортининг асосий қисмига айланишини башорат қилаётганини тан олди.
“Ҳар йили Ўзбекистонда 300 мингга яқин иш ўрни яратилади. Мактаблар ва ўрта махсус билим юртларини эса 700-750 минг йигит-қиз битиради. Улардан 150 мингга яқини олийгоҳларга ўқишга киради. Шундан келиб чиққан ҳолда, қанча киши бошқа мамлакатлардан иш қидираётганини ҳисоблаб чиқиш қийин эмас”,-деб айтган вазир ўринбосари.
Умурзоқов “меҳнат ресурсларини экспорт қилиш” Ўзбекистон иқтисодиёти тараққиётининг муҳим омили эканини таъкидлади.
Ўзбекистон Марказий банкининг билдиришича, жорий йилда Россиядаги ўзбек муҳожирлари ватанига жўнатган пул миқдори 6 миллиард доллардан ошган.
“Мутахассислар фикрича, бу Ўзбекистон олтин экспортидан оладиган даромаддан кўпроқдир”,-дейилади хабарда.