АҚШнинг Техас штатидаги Сан-Антонио шаҳри яқинида йўлда қолдирилиб кетилган фурадан 46 мигрантнинг жасади топилди. Расмийлар бу Америкада одам савдоси билан боғлиқ энг катта фожеа эканини айтмоқдалар.
Фурадан топилган яна 16 киши, жумладан, тўрт ўсмир касалхонага олиб кетилди. Улар 39 даража иссиқда кўп қолиб кетгани оқибатида ҳолсизланиб қолган.
АҚШ ва Мексика чегарасидан 250 километр узоқликда жойлашган Сан-Антонио шаҳри одам савдосининг асосий йўналишларидан биридир.
Бунга қадар ҳам мазкур ҳудудда бу каби воқеалар қайд этилган. Жумладан, 2017 йилда бу ерда трактор прицепидан 11 мигрантнинг жасади топилган эди.
Сўнги пайтларда Мексикадан АҚШга ноқонуний миграция кўлами кучайиб кетди. Бунинг оқибатида АҚШ президентининг миграцияга оид сиёсати жамоатчилик танқидига учрамоқда.