Москва вилоятининг Чехов шаҳрида тожикистонлик мигрантлар ўртасида содир этилган ўзаро муштлашувда икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Озодлик радиоси тожик хизмати хабар берди.
Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси 1 августга ўтар кечаси содир этилган муштлашувда 10 киши иштирок этганини, улардан икки киши пичоқланганидан сўнг ҳалок бўлганини билдирган. Ҳозирда икки гумонланувчи қидирувга берилган, пичоқбозликнинг қолган иштирокчилари қўлга олинган. Тергов қўмитаси қотиллик моддаси асосида жиноят иши очди.
Хабарда айтилишича, пичоқбозликка айланиб кетган оммавий муштлашув Хатлон вилояти ва Файзабод тумани турғунлари ўртасида содир бўлган. Ҳалок бўлган 28 ёшли Далер Тоғайзода ва 31 ёшли Далер Юсуфзода Файзабод туманидан.
Аввалроқ «РИА Новости» ҳалок бўлганлардан бири Чеховдаги «этник кафе»да калтакланганидан сўнг ўз ҳамшаҳарларини «қасос олиш учун» чақирганини ва бунинг ортидан оммавий муштлашув бошланиб кетганини хабар қилганди.
Россияда мигрантлар иштирокидаги оммавий муштлашувлар тез-тез содир этилади. Масалан, 26 июнь куни Иркутск вилоятидаги Ковиктин газ конида қирғизистонлик ва тожикистонлик мигрантлар муштлашган эди. Ўшанда 9 киши тан жароҳатлари олган, 20 киши қўлга олинган. Муштлашув мигрантлардан бири ошхонага навбатсиз кирмоқчи бўлгани ортидан бошланиб кетгани айтилган.