Россия расмийлари полиция қарорига кўра мамлакатдан бадарға қилинажак хорижликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун ушлаб туриш муддатини 48 соатгача қисқартиришмоқчи. Ҳозирда бу муддат кўпи билан 90 кунни ташкил этади.
ТАСС агентлиги хабарига кўра, хорижлик фуқароларни мамлакатдан чиқариб юбориш бўйича қонунчиликка тузатишлар киритилган тақдирда қўлга олинган мигрантлар мамлакатда икки кундан кўп қололмайди.
Қонун лойиҳасининг биринчи ўқишида ички ишлар идораларига хорижликларни Россиядан бадарға қилиш ҳуқуқи берилиши таклиф этилганди. Депутатлар бу тузатишларни қабул қилишган.
Эндиликда хорижликларни мамлакатдан чиқариб юбориш учун суднинг махсус қарори керак бўлмайди. Масалан, аввалроқ ИИВнинг Олтой ўлкаси бўйича бошқармаси ўз тенгдошига қарата туфлаган ўсмирнинг оиласи мамлакатдан бадарға қилиниши ҳақида маълумот тарқатган. Оилага Россияни тарк этиш учун 15 кун муҳлат берилган. Айни пайтда бу оила устидан ҳеч қанақа шикоят ёки ариза тушган эмас: полициячилар 14 ёшли ўсмирни кузатув камералари орқали топишиб, оиласи билан биргаликда полиция бўлимига олиб келишган.
“Крокус Сити Холл”даги теракт ортидан Россияда мигрантларга нисбатан ксенофобик кайфият кучайиб кетган. Россиялик расмийлар мазкур террор хуружининг амалга оширилишида бир неча тожикистонликни гумонлашмоқда.
Терактдан сўнг Россиянинг турли минтақаларида ҳуқуқ-тартиботчилар хорижликлар яшайдиган ва ишлайдиган жойларда рейдлар ўтказа бошлаганлар. Айрим ҳолатларда мигрантлар ҳарбий комиссариатларда қайддан ўтказилган. Бир пайтнинг ўзида Россияда миллатчиларнинг “рейдлари” ҳам бошланиб, бу “рейдлар” давомида улар мигрантларни ишдан бўшатиш ва қизларнинг рўмолларини ечиштиришни талаб қилишган.
Россияда мигрантларга қарши кайфият кучайиши манзарасида ўзбекистонликлар дохил Марказий Осиёдан бўлган меҳнат муҳожирлари мамлакат ҳудудига киришда узоқ муддатли текширувлардан ўтаётган ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.