Мигрантлар сони кўпайгани ортидан Қозоғистон Россия билан музокаралар ўтказмоқчи

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев

Украинадаги уруш учун Россияда ҳарбий сафарбарлик эълон қилингани ортидан чегарадан ўтаётган россияликлар сони кескин ошиб кетгани туфайли Қозоғистон расмийлари Москва билан музокаралар ўтказади. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Туркистон вилояти жамоатчилиги олдида қилган чиқишида билдирди.

Тоқаевга кўра, халқаро таранглик авж олган бир паллада Қозоғистон “халқаро ташкилотларда, биринчи галда БМТда ўтказилаётган овоз беришларда нейтрал позиция”сини сақлаб турибди, бу эса мамлакатнинг “миллий манфаатларига мос келади”.

“Давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ўзгармас бўлиши лозим. Бу асосий принципдир. Мен ҳар доим халқаро майдонда бу ҳақда очиқ ва аниқ гапириб келганман. Яқинда БМТнинг энг юксак минбаридан туриб бу ҳақда яна бир марта билдирганим ҳам тасодиф эмас. Шундоққина ёнгинамизда кенг кўламли уруш боряпти. Буни эсда тутаркан, биз биринчи навбатда ўз мамлакатимиз хавфсизлиги ҳақида ўйлашимиз лозим”, деди Тоқаев.

Қозоғистон президенти ҳукуматга мобилизация эълонидан кейин Россиядан қочиб келаётган россияликларга кўмак кўрсатишни топширди. У “келаётганлар ёрдам олишади, бироқ уларга ҳеч қанақа имтиёз берилмайди”, дея қайд этди.

“Уларнинг кўпчилиги иложсиз қолгани туфайли кетишга мажбур бўлишган. Биз улар ҳақида қайғуриб, уларнинг хавфсизлигини таъминлашимиз лозим. Бу сиёсий ва гуманитар масаладир”, деди Тоқаев.

Айни пайтда Қозоғистон расмийлари мигрантлар оқиб келиши манзарасида биринчи галда ўз фуқаролари манфаатларини ҳисобга олишлари керак, дея бирдирди бош вазир Алихан Смаилов ҳукумат йиғинида. Унга кўра, бу аввало меҳнат бозорига тааллуқли.

“Қўшни мамлакатлардан келган мигрантлар мамлакатимизда фақат белгиланган қонунчилик доирасидагина ишлашлари мумкин”, деди Смаилов.

Россияда ҳарбий сафарбарлик эълон қилинганидан кейин Қозоғистонга келувчилар сони 2-3 баравар кўпайган, 21 сентябрдан бери мамлакатга 98 минг чоғли россиялик кириб келган. Россия Мудофаа вазирлиги урушга 300 минг киши сафарбар қилиниши мумкинлигини билдирган, бироқ оммавий ахборот воситалари сафарбар қилинганлар сони миллиондан ошиши мумкинлиги ҳақида хабар қилишмоқда.