Ўзбекистонда эндиликда чет элда ишлаш истагида бўлганларнинг ишчи визаси, йўл чиптаси, хорижий тил ва касб бўйича малакани баҳолатишга сарфлаган харажатлари қисман қоплаб берилади. Шунингдек, чет тили бўйича халқаро ёки унга тенглаштирилган сертификат олган фуқарога тил ўрганиш учун сарфлаган харажатининг 50 фоизи қопланади. Бу ҳақда 2 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтказилган миграцияни тартибга солиш ва меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифлар тақдимотида билдирилган.
Тақдимотда меҳнат миграцияси тизимини такомиллаштириш учун Бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигини давлат муассасаси шаклида бошқарув органига айлантириш кўзда тутилгани қайд этилган. Агентлик директорининг бир вақтнинг ўзида бандлик вазири ўринбосари бўлиши, директор меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш жамғармасини ҳам бошқариши айтилган.
Британия, Германия, Польша, Венгрия, Япониядаги элчихона ва консулликларда меҳнат миграцияси бўйича алоҳида атташе фаолият юрилади, Саудия Арабистонида ҳам агентлик вакили лавозими жорий этилади. Хориждаги ўзбекистонлик мигрантлар масалаларини тезкорлик билан ҳал қилиш учун элчихоналар ва тегишли вазирликларда 24 соат ишлайдиган “колл-марказлар” ташкил этилади.
Тадбирда “Хорижга иш – маҳалладан” тамойили йўлга қўйилиши, бунда ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси хорижда ишлаш истагида бўлган фуқарони аниқлаб, “Онлайн маҳалла” платформасига киритиши, номзодлар хориждаги иш берувчилар танловларига жалб қилиниши урғуланган.
Қайд этилишича, Ўзбекистондаги тиббий муассасалар миграциядан қайтган шахслар ва уларнинг оила аъзоларини бепул тиббий кўрикдан ўтказади. “Инсон” марказлари томонидан эса ота-онаси хорижда меҳнат қилаётган болаларга ижтимоий ёрдам кўрсатилади.
Тақдимотда меҳнат миграциясидан қайтганларни ишга олган корхонага ҳар бир ходим учун бир йил давомида Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан ойига 500 минг сўм субсидия берилиши, ушбу тадбирларга бу йил учун барча манбадан 100 миллиард сўм ажратилиши ваъда қилинган.