Қирғизистон элчихонаси Россияда вақтинча ишлаш учун келган қирғиз мигрантлари мобилизация қилинаётгани тўғрисида ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган маълумотларни рад этди.
Элчихона Россия Ички ишлар вазирлиги 1 ноябрдан бошлаб Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларини мобилизация қилиш механизмини ишлаб чиқишга оид ҳужжатни фейк деб атади. Мазкур ҳужжат ижтимоий тармоқларда тарқатилган эди. Унда мобилизациядан бош тортган мигрантларнинг ишлаш ҳуқуқи бекор қилиниши ва Россияга 5 йилгача кириш тақиқланиши айтилган эди.
“Бу маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди. Элчихона қирғизистонликларни тасдиқланмаган маълумотларни қўлламасликка ва ҳақиқатга зид ахборотларни тарқатмасликка чақиради”, дейилади элчихона билдирувида.
21 сентябрда Россия президенти Владимир Путин мамлакатда қисман сафарбарлик эълон қилган эди. Ундан олдинроқ Россия армиясида хизмат қилишни истаган мухожирларга енгиллаштирилган тарзда фуқаролик берилиши тўғрисида қарор қабул қилинганди.
Россиядаги Қирғизистон элчихонаси муҳожирларни хориж давлат ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда иштирок этгани учун жиноий жавобгарлик борлигидан огоҳлантирди.
Расман билдирилишича, шу кунларда 1 миллион 118 минг қирғизистонлик хорижда меҳнат қилади. Уларнинг 1 миллион 63 минги Россияда ишламоқда.