Миграция агентлиги Россияда юрган ўзбекистонликларни огоҳлантирди

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси биноси (архив сурати)

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияга бораётган ёки чиқиб кетаётган ёхуд Россия ҳудудида юрган ўзбекистонликларни 22 март куни Москва вилоятида рўй берган террор хуружи туфайли бутун мамлакат бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилаётганидан огоҳлантирди ва улардан мазкур хавфсизлик чоралари талабларини инобатга олган ҳолда ҳаракатланишни сўради.

Хусусан, шахсни тақдиқловчи ва мамлакатда бўлиш ёки ишлаш ҳуқуқини бурувчи ҳужжатларни ўзлари билан бирга олиб юриш, жамоат жойларга сабабсиз бормаслик, нотаниш ёки шубҳали инсонлар билан мулоқотга киришмаслик, телефон ва бошқа қурилмаларда тақиқланган фото, аудио ва видео материалларни сақламаслик, сафар режалаштирилган бўлса, вокзал ёки аэропортга белгиланган вақтдан олдинроқ бориш кабилар тавсия қилинади”, дейилган Ташқи миграция агентлиги хабарномасида.

Агентлик Россиядаги ўзбекистонликларга бирор муаммога дуч келган тақдирда ёки ўзларини қизиқтирган бошқа саволлар билан Ўзбекистоннинг консуллик идораларига ёки Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонасига мурожаат қилиши мумкинлигини эслатган.

Жорий йилнинг 22 март оқшомида камуфляжли бир неча киши Москва четидаги “Крокус Сити Холл” концерт залида одамларни ўққа тутган. Шундан сўнг портлаш содир бўлиб, кучли ёнғин бошланган. Террор хуружи натижасида ҳалок бўлганлар сони, сўнгги маълумотларга кўра, 139 нафарга етган, камида 180 киши тан жароҳати олган.