Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Қозоғистон орқали ҳаракатланаётганларни огоҳлантирди

Иллюстратив сурат.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Қозоғистон йўллари орқали ҳаракатланаётган ўзбекистонликларни ҳатарлардан огоҳлантирди.

Агентликнинг билдиришича, сўнгги кунларда Қозоғистонда об-ҳавонинг кескин совуши оқибатида йўлларда “ҳаракатланиш билан боғлиқ қатор ноқулайликлар юзага келмоқда”.

Бундан ташқари совуқ ҳаво сақланиб қолиши сабабли республика даражасидаги автойўлларда ҳаракатланиш чекланган.

“Шу муносабат билан, ушбу давлатда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан йўлларда ҳаракатланишда барча хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишни, хавфсиз транспорт воситаларидан фойдаланишни, зарурат бўлмаганда узоқ масофали йўлларда транспорт воситаларида ҳаракатланмасликни сўраймиз”, — дейилади хабарда.

Қиш мавсумида Қозоғистон орқали Россияга кетаётган ёки ватанига қайтаётган мигрантларнинг қор қамалида қолиши тез-тез кузатилади. Жумладан, 9 январда Олмаота-Екатеринбург шоссесида Чимкент-Тоболск йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган автобус бузилиб, қорли йўлда қолиб кетган. Автобусдан 41 киши эвакуация қилинган, улардан 14 нафари Ўзбекистон фуқароси бўлган.

Декабрь ўрталарида қутқарувчилар Қозоғистоннинг Қарағанди вилоятидаги трассада автобус бузилгани ортидан совуқда қолиб кетган 20 нафар ўзбекистонликка ёрдам берган эди.