Миллий гвардия ходимлари ўқувчиларнинг давомати паст бўлган 1000 та мактабда тажриба тариқасида рейд ўтказди.
Президент топшириғи билан ўтказилган рейдларда, бола мактабга бормаслигига сабаб “кийим, жиҳоз ёки йўлкира учун пул йўқлиги”, мактабда "ўқитувчи йўқлиги" экани аниқланди.
Расмий хабарларга кўра, Миллий гвардия текширилган 1000 та мактабда бу муаммоларни гўёки ҳал қилмоқда.
Аммо, экспертлар аслида бундай муаммо мамлакатдаги 10 мингдан ортиқ мактабнинг асосий қисмида борлиги ва қиш ойларида давомат пастлигининг яна бир муҳим сабаби биноларнинг иситилмаслиги эканини айтмоқдалар.
Фаоллар эса таълим соҳасидаги муаммони ярим ҳарбий тузилма иштирокида ва куч қўллаш билан ҳал этиш кутилган натижани беришига шубҳа қилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда Миллий гвардия ходимининг Андижон шаҳридаги мактаблардан бирида ўқувчилар ва ўқитувчилар жамоасини янги тартибдан огоҳлантираётган маърузаси тарқалди.
“Телефон ўйнаб, интернет ўйнаб ўтирадиганлар диққатига: Бугундан бошлаб синфга ҳеч қанақа телефон олиб кирилмайди. Ҳамма телефон ўқитувчиларда қолади. Соат 8:00 дан кириш тўхтатилади, 8:10 да ҳамма дарсда ўтирган бўлиши керак, иккинчи соатга келдими, ўқитувчи жазоланади. Мен шаҳар ҳокими Ғофуржон Ғуломовичга чиқариб юбораман”, дейди видеодаги ходим.
Эрталаб соат 8 дан ҳарбий кийимда ўқувчиларни қарши оладиган ходимга кўра, биргина Андижон шаҳрининг ўзида кунига 300 нафаргача миллий гвардия ходими тонгдан мактабда бўлган.
Мактаб ўқувчиларининг давомати ва расмий хабарларга кўра, тарбияси ҳамда маънавиятини тузатиш жараёнига Миллий гвардияни жалб қилиш ташаббуси президент Шавкат Мирзиёевга оид.
5 февраль кунги йиғилишда Президент мактаблардаги инспектор-психологлар штатини Ички ишлар вазирлигидан Миллий гвардия тизимига олиб ўтказди.
“50 минг бола сурункали мактабга келмаяпти”, дея маълум қилди президент.
“Мактаблардаги 2000 та инспектор-психолог штати Ички ишлардан Миллий гвардия ўтказилади. Рустам Жўраев (Миллий Гвардия қўмондони - таҳр.) икки ой муддатда ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш орқали уларда «ҳуқуқбузарликларга қарши иммунитет»ни яратиш бўйича тизим қилади".
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг хабар қилишича, президентнинг шу йиғилишдаги топшириғи билан янги вазифани бажаришга киришган Миллий гвардия ишни вазирлик билан ҳамкорликда ишчи гуруҳ тузишдан бошлаган.
Бу гуруҳ ота-оналар ва маҳалла фаоллари иштирокидаги “мактаб — ота-она — маҳалла” ҳамкорлигини тузиб, бу занжирнинг ишини назорат қилмоқда.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири - Ўзбекистон медиамаконида тез-тез кўриниш бериб турадиган Ҳилола Умарова топшириғи билан, давомати ва тарбияси суст болаларнинг ота-онасига огоҳлантириш хатининг нусхаси ҳам зудликда тайёрланиб мактабларга юборилди ҳам.
Миллий гвардия бош Ишчи гуруҳ ота-оналарни МЖтКнинг 47-моддаси билан огоҳлантирмоқда:
47-модда. Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик:
- базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 1 бараваридан 5 бараваригача жарима,
- маъмурий жазодан кейин бир йил ичида такрорланса, БҲМ 10 бараваригача жарима,
Бола таълимига тўсқинлик қилиш:
- БҲМ 15 бараваригача жарима,
- жазодан кейин бир йил ичида такрорласа, БҲМ 25 бараваригача жарима ёки 15 суткагача қамоққа олишга сабаб бўлади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг билдиришича, олдин болалари мактабга бормаган оилаларни бундай жазолардан мактаблар огоҳлантирган бўлса, энди Миллий гвардия офицерлари огоҳлантирмоқда.
Президентнинг бу топшириғи, аниқроғи мактаб остонасидан саҳарлабдан ҳарбий кийимдаги назоратчиларнинг пайдо бўлиши турлича қарши олинмоқда.
“Мактабнинг тўлақонли фаолият кўрсатишига жавобгар мактаб директори бор, ўринбосари бор. Психологи бор. Уларга бюджетдан ойлик тўланаяпти. Назоратчи устидан назоратчи қўйиш билан таълимдаги муаммолар ҳал бўлганида, Шимолий Корея аллақачон тараққий этган бўларди. Бошқаларни билмадиму, энсани қотирадиган даражадаги бу “янгиликлар” худди “қора туш” замонларига қайтилаётгандек менда таассурот ўйғотяпти. PS. : Ўқишни хоҳламаётган болани танк билан қўрқитса ҳам ўқимайди. Уларга қўрқув эмас, мотивация бериш керак”, деб ёзди platformauzb телеграм канали.
Аксар фаоллар, ўқувчиларнинг давомати ва тарбияси назорати мактаб маъмуриятининг ваколатида бўлиши кераклигига эътибор қаратмоқда.
Энг муҳими, бундай назоратнинг ёш болалар руҳиятига таъсиридан жиддий хавотирлар ҳам тилга олинмоқда.
Жумладан, таълим соҳаси бўйича эксперт Комил Жалиловга кўра, ота-оналар ва болаларни формали ходим билан қўрқитиш аслида давоматни тўғирлашга акс таъсир қилиши мумкин:
“Мактаб — болани қўрқитиб, таҳдид билан олиб келадиган каторга эмас, ўқувчи учун хавфсиз, дўстона муҳит бўлиши керак. Шундагина ўрганиш жараёни рўй беради. Мактабга келмаётган ўқувчилар билан бола психологиясини, бола тилини тушунадиган, бола ишонадиган мутахассис шуғулланиши керак”.
Gazeta.uz нашрининг хабар қилишича, Миллий гвардия матбуот хизмати президент юклаган вазифа бўйича қилган ишига ўз муносабатини билдирган.
“Давоматни назорат қилиш орқали Миллий гвардия болаларнинг мактабга бормаслик сабабларини аниқлайди ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун бу ҳақда тегишли тузилмаларни хабардор қилади. Болалар билан ички ишлар вазирлигидан ўтказилган профессионал психологлар суҳбатлашади. Уларнинг доимий иш жойи мактаб бўлиб, у ерда фақат фуқаролик кийимида бўлади”, дея изоҳ берди Миллий гвардия.
Миллий гвардиянинг зиммасига болалар билан боғлик юкланган қўшимча вазифа фақатгина ўқувчилар давомати ва қўлидаги телефонлари эмас.
2021 йил ёзида президент қарори билан Меҳрибонлик уйлари Миллий гвардияга бириктирилганди. Унга меҳрибонлик уйларидаги болаларни ота-оналарига қайтариш, васий тайинлаш ва фарзандликка олишга кўмаклашиш вазифалари юкланганди.
Хусусан, мактабдаги давоматни аввал Ички ишлар ва Прокуратура тизими томонидан ҳам изга солишга уриниш бўлган.
Аксар таҳлилчилар, ҳар гал Ўзбекистон раҳбарияти бу ерда муаммонинг сабаблари эмас, балки оқибатларини йўқотига ўринмоқда, деган хулосада.
Аксар ўқитувчилар ва фаолларга кўра, болаларнинг давомати ҳақиқатда яхши эмас, айниқса қиш ойларида. Бунинг биринчи сабаби эса мактабларнинг исимаслиги, мактабларда дарслик ва ўқитувчиларнинг етишмаслигида.
Бу муаммоларнинг айримларини Миллий гвардия матбуот хизмати ҳам, 3 кунлик текширувлари натижасида қайд этиб ўтган.
Gazeta.uz нашрининг хабар қилишича, ўқувчилар мактабга бормаслигининг Миллий гвардия аниқлаган сабаблари қуйидагилар:
- “оилада бола учун оддий кийим (мавсумий) ва жиҳозлар сотиб олиш учун пул йўқлиги”,
- “чунки улар узоқда яшайди ва оилада икки фарзанднинг йўлкирасига пул йўқ”,
- “баъзи болалар тадбиркор ота-оналарига ёрдам бериш учун мактабга бормайди”,
- “мактабда барибир ўқитувчи йўқ, деб репетитор ёллаган ота-оналар ҳам бор”.
Расмий маълумотларга кўра, ҳозирда Ўзбекистонда 10 минг 284 та мактаб бор ва бу мактабларда 6 миллион 300 минг атрофида ўқувчи таълим олади.
Миллий гвардия 2017 йил августида Мирзиёев фармони билан Ички ишлар Вазирлиги ва МХХнинг иккита бригадаси базасида ташкил этилганди.
Ўтган вақт мобайнида ушбу ярим ҳарбий тузилма ваколатлари давомли кенгайиб борди.
Ўтган йили Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишларга биноан, бундан буён Миллий гвардия ходимлари майда безорилик қилганлар ва совуқ қурол олиб юрганларга нисбатан баённома тузиш ва уни судга юбориш ҳуқуқига эга бўлди.
Бундан ташқари Миллий гвардия вояга етмаган шахсни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишга ундаганларни, жамоат жойларида алкоголь ичганларни, миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаган, сақлаган ёки тарқатганларни, тиланчилик қилганларни ва қимор ўйнаганларни жаримага тортиши мумкин.
Кузатувчиларга кўра, Миллий гвардия борган сари ДХХ ва ИИВ ваколатига кирган вазифаларни эгаллаб олмоқда ёки аксинча бу уч ташкилот бир пайтнинг ўзида бир хил вазифа билан шуғулланмоқда.