Forbes журнали маълумотига кўра, Россиянинг энг бадавлат кишиларидан бири бўлган тадбиркор Алишер Усмонов Россия ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар уюшмаси (РИЧТУ) раёсати бюросига пенсия чиқаётгани ва актив фаолиятдан чекинаётганини билдириб, ўзини бюрога аъзоликдан озод қилиш ҳақида ариза ёзган. Бу ҳақда РБК РИЧТУга яқин манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Алишер Усмонов имзоси чекилган ариза скриншотини BRIEF телеграм-канали ёйинлади. РБК манбаси аризанинг ҳақиқийлигини тасдиқлаган. Бошқа бир манба мазкур ариза 25 январь куни кўриб чиқилишини маълум қилган. Усмоновнинг ўзи ёки вакиллари ҳали бу борада изоҳ берганича йўқ. Аризада “актив фаолиятдан четланиш” РИЧТУ бюросидан чиқишдан ташқари яна нималарда акс этиши ҳақида тафсилот йўқ.
Асли ўзбекистонлик Алишер Усмонов USM гуруҳининг асосчиси ва йирик акциядори бўлиб ҳисобланади. Мазкур гуруҳга “Металлоинвест”, “Удоканская медь”, “МегаФон” дохил қатор ширкатлар киради. Усмонов “Коммерсантъ” нашр уйига ҳам эгалик қилади, аввалроқ у VK (ВКонтакте ижтимоий тармоғи) соҳиби ҳамда Британиянинг “Арсенал” клубининг эгадоши бўлган, шунингдек, у 2022 йилнинг март ойигача Халқаро қиличбозлик федерацияси раҳбари лавозимини ҳам эгаллаб турган.
Ўтган йили Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кўп ўтмай АҚШ, ЕИ мамлакатлари ва Буюк Британия Усмоновга қарши санкциялар жорий қилган – Ғарб мамлакатлари уни Кремлга яқин олигархлардан бири деб билади. Санкциялар туфайли Усмоновга тегишли ЕИ ва Британиядаги кўчмас мулк объектлари ҳамда тадбиркор билан боғлиқ тузилмаларга тегишли Dilbar яхтаси ҳибсга олинган. Усмоновнинг ўзи омма олдида уруш ҳақида фикрини билдирган эмас, Европа Иттифоқи санкциялари юзасидан эса у судга мурожаат қилган.
Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний ва унинг сафдошлари Алишер Усмоновни коррупцияда айлаб чиққан. ФБКнинг энг машҳур “У сизга Димон эмас” (“Он вам не Димон”) деб номланган суриштирувида Усмонов Россия ҳукуматининг собиқ раҳбари Дмитрий Медведевга билвосита пора бергани иддао қилинган эди. Усмонов бу иддаони рад этган. Суриштирув ёйинланганидан кейин у Навальнийга видеомурожаат билан чиқиб, “Тупурдим сизга” деган сўзлар билан мухолифатчини ёлғончиликда айблаган. Усмонов ўз шаъни ва эътиборини ҳимоя қилиш бўйича Москвада бўлиб ўтган судда Навальнийнинг устидан ғалаба қилган.
Навальний Ғарб мамлакатларини Британия резиденти бўлган Усмоновга қарши коррупция айблови билан санкцилар жорий этишга чақирган эди. Бироқ санкциялар Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейингина жорий этилган.