Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати 3 май куни “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонунни маъқуллади.
Қонунга киритилган ўзгартишларга асосан, бундан буён Миллий гвардия ходимлари майда безорилик қилганлар ва совуқ қурол олиб юрганларга нисбатан баённома тузиш ва уни судга юбориш ҳуқуқига эга бўлади.
Бундан ташқари Миллий гвардия вояга етмаган шахсни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишга ундаганларни, жамоат жойларида алкоголь ичганларни, миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаган, сақлаган ёки тарқатганларни, тиланчилик қилганларни ва қимор ўйнаганларни жаримага тортиши мумкин.
“Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс”га киритилган ўзгартишларга мувофиқ Миллий гвардия ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни маъмурий йўл билан ушлаб туриш ваколатига ҳам эга бўлади.