“Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров Ўзбекистонда Тарбия ва таълим вазирлиги ташкил этилиши лозимлигини айтмоқда.
Президентликка собиқ номзод А. Қодиров янги вазирлик раҳбарининг учта - оила ва хотин-қизлар масалаларига масъул, боғчада тарбия ва бошланғич таълимни ташкил этишга масъул, мактабда таълим ва тарбияни ташкил қилишга масъул ўринбосарлари бўлишини таклиф қилган.
“Бу вазирлик ҳар бир болани оиладан бошлаб мактабдан чиқиб кетгунича (туғилганидан 18 ёшгача) бўлган даврда тарбияси ва таълим сифати учун масъул бўлади. Вазирликка ота-оналар билан яқиндан ишлаш, уларни малакасини ошириш билан бирга, масъулиятсизлик учун жавобгарликка тортишни ташаббус қилиш ваколатлари ҳам берилиши керак”, деган А. Қодиров.
Айни пайтда сиёсатчи юқорида саналган функцияларни шу кунда бажариб келаётган Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги кабиларнинг тақдирига тўхталган эмас.
Аввалроқ “Миллий тикланиш” лидерининг хорижда ишлаётган мигрантларни солиққа тортиш таклифи қизғин баҳсларга сабаб бўлган эди. А. Қодиров ўтган йилнинг 13 октябрь куни Андижонда сайловолди тарғибот кампанияси чоғида қилган чиқишида четда меҳнат муҳожирлигида банд мигрантларни солиқ тўламаётган шахслар, деб атаган ва уларнинг даромадларини солиққа тортишни таклиф қилганди. “Мамлакат тараққиёти учун солиқларнинг ўрни жуда ҳам муҳим” дер экан, Қодиров: “мигрантлар четга чиқиб, топган пулидан нега солиқ тўлмасликлари керак?”деган саволни ўртага ташлаган эди.