“Ўлмас полк” – “юмшоқ куч” намойиши, совет бирлигига тарғибот қуроли эканлигини тушунмаган қолмади. Биз бундай намойишларга қаршимиз!”, деб ёзди Ўзбекистон парламенти Қонунчилик палатаси раисининг ўринбосари, “Миллий тикланиш” партияси лидери Алишер Қодиров 3 апрель куни ўз телеграм-канали орқали.
Мазкур постида инсониятнинг фашизм устидан ғалабасида ўзбек халқининг ҳам сезиларли иштироки борлигини қайд этган А. Қодиров оталарнинг “босқинчилар ва бузғунчи миллатчиларга қарши озодлик учун курашлари қиёматгача хотираланиши ва қадрланиши керак”лигини урғулаган.
“Биз учун қадрлаш уларнинг суратларни шаҳар бўйлаб кездириш эмас, руҳларига дуолар қилиш, улар учун у дунёнинг яхшиликларини тилашдир. Шаҳидларимизнинг пок хотирасини қадрлаш керак, манфур сиёсий мақсадларга яна бир марта қурбон қилиш эмас!” деган парламент қуйи палатаси спикерининг ўринбосари Алишер Қодиров.
Ўзбекистонда ортида Россиянинг Тошкентдаги элчихонаси ва Россотрудничесто агентлиги турган “Ўлмас полк” акциясига рағбат Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келиши ортидан кучайган, бироқ сўнгги икки йилдан бери мазкур оммавий тадбир коронавирус ёйилишига қарши чекловлар важидан ўтказилмаяпти. Бу йил 9 май куни (одатда, Россия ва унга эргашган мамлакатларда бу тадбир шу куни ўтказилади) Ўзбекистонда “Ўлмас полк” тадбири ўтказилишига расман рухсат бериладими-йўқми – ҳозирча маълум эмас.