“Миллий тикланиш” президент сайловига Алишер Қодиров номзодини кўрсатади

"Миллий тикланиш" партияси раиси Алишер Қодиров

Жорий йил октябрида ўтказилажак президент сайловига "Миллий тикланиш" демократик партиясидан Алишер Қодиров номзоди кўрсатилиши мумкин. Бу ҳақда партиянинг 6 август куни бўлиб ўтган пленумида маълум қилинган.

Тадбирда президентликка бўлажак номзодни қурултойда кўриб чиқиш маъқулланган. 266 нафар делегат иштирок этиши кутилаётган партия қурултойи эса 26 августга белгиланган.

"Миллий тикланиш" партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров Ўзбекистон ичида фаолият юритаётган сиёсий ташкилотлардан президентликка номзоди илгари сурилаётган кишилардан учинчиси бўлди.

Аввалроқ Озодлик Экопартия бўлажак президент сайловига Нарзулла Обломуродов номзодини, “Адолат” СДП эса Баҳром Абдуҳалимов номзодини илгари сургани ҳақида хабар қилган эди.

Ўзбекистонда галдаги президент сайлови 2021 йилнинг 24 октябрига белгиланган. Маҳаллий қонунчиликка кўра, президентликка номзодларни сиёсий партиялар кўрсатишлари керак.