Ўзбекистон Марказий банки “Сўм рамзи”ни ишлаб чиқиш бўйича ўтказилган танлов якунлангани ва ғолиб аниқланганини 3 июнь куни маълум қилди.
Расман билдирилишича, рамзни ишлаб чиқиш юзасидан эълон қилинган танловга юборилган аризаларнинг умумий сони 17 мингдан ортиқни ташкил этди. Биринчи босқичда улардан 508 та ижодий лойиҳа танлаб олинди.
“Техник экспертиза – шифрланган ижодий лойиҳалар танлов мезонларига мувофиқлиги бўйича текширилди. Натижада 54 та шифрланган ижодий лойиҳалар танлов ҳакамлар ҳайъатига кўриб чиқиш учун тақдим этилди”,-дейилади билдирувда.
Танловнинг якуний босқичида шифрланган лойиҳалар Марказий банк, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда Интеллектуал мулк агентлиги вакиллари томонидан баҳоланди.
Марказий банкнинг билдиришича, “Сўм рамзи” ҳакамлар ҳайъати томонидан ўзига хослик, универсаллик, осон таниб олиниш, рамзий ва фарқли жиҳатлар, рамзининг турли форматларда график қўлланилишининг қулайлиги каби меъёрлар асосида баҳоланган.
Натижада энг креатив лойиҳа сифатида Сарвар Жумагалдиев томонидан ишлаб чиқилган график белги “Сўм рамзи” сифатида танлаб олинди.
Марказий банк миллий валюта “Сўм рамзи”ни яратиш бўйича 8 февралдан 31 мартгача танлов эълон қилган эди.
Расман билдирилишича, “сўм”нинг молия бозорида халқаро нуфузини ошириш ва кенг жамоатчилик ўртасида танилишини таъминлаш мақсадида миллий валюта рамзини яратишга қарор қилинган.
Ўзбекистон валютаси шу кунгача ўз рамзига эга эмас эди. Масалан, қозоқ тангаси (₸), қирғиз сўми (⊆), Россия рубли (₽) каби рамзларга эга. Айни пайтда жаҳондаги энг машҳур валюта белгиси доллар ва евродир.
Айни пайтда ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида мазкур рамз танланганига турли норозиликлар билдирилмоқда. Айрим блогерларнинг ёзишича, мазкур рамз плагиатдир.
Масалан, журналист Шуҳратбек Латипов ўзбек сўмининг “таклиф этилган рамзини Францияда 1998 йилда асос солинган In-Core Systèmes компанияси логотипи билан солиштирган”.
Айни пайтда ФранциянингIn-Core Systèmes компанияси бу борада расмий муносабат билдирмади.
Бундан ташқари MA’NO Branding ширкати ўз сайтида ҳайъат “Сарвар Жумагалдиев томонидан ишлаб чиқилган” графика сифатида тан олган рамз шрифтчи дизайнер Тамара Аркатовага мансуб эканини ҳам иддао қилган.
MA’NO Branding ширкати Марказий банкнинг “Сўм рамзи” танловида қатнашган ва ўз ғояларини ҳам таклиф қилганини таъкидлаган.