Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида яшовчи блогер 15 суткага қамалди.
Вилоят Ички ишлар бош бошқармаси матбуот котиби Бобур Тўлагановга кўра, 2000 йилда туғилган фуқаро У. С. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида кўзда тутилган ҳуқуқбузарлик, яъни майда безориликда айбдор деб топилган.
“Мамлакатимизда ижод эркинлиги чекланмаган, аммо бу қонунбузарлик эвазига эмас. Унутманг, интернет тармоқлари орқали ҳам, содир этилган ҳар қандай ҳуқуқбузарлик ёки жиноят учун жавобгарлик ва жазо муқаррар!” дея огоҳлантирган ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва блогерларни ИИББ матбуот котиби.
Бир неча кун олдин ижтимоий тармоқларда блогернинг 100 мингта “лайк” учун отасини уриши, 200 мингта “лайк” учун эса отасини қариялар уйига топшириши баён қилинган видеоси тарқалганди.
Озодлик аввалроқ TikTok ва YouTube платформаларида Sardor gangster тахаллуси билан танилган блогер Сардор Сафарбоевга нисбатан жиноят иши очилгани ҳақида хабар қилган эди. Жиноят ишига блогернинг “хотини қиз фарзанд туғса, чиқиндига ташлаши”ни айтгани сабаб бўлган.