Беларусдаги давлатга қарашли оммавий ахборот воситалари 24 май оқшомида яқинда Минскда қўлга олинган мухолифатчи журналист ва Nexta телеграм-канали асосчиларидан бири бўлмиш Роман Протасевичга оид видеоёзувни ёйинлади.
Лавҳада стол ёнида кишансиз ўтирган Протасевич Минскдаги 1-сонли тергов ҳибсхонасида сақланаётгани, у билан “имкон қадар хушмуомала ва қонун доирасида” муносабатда бўлишаётганини ҳамда “тергов билан ҳамкорликни ҳамда оммавий тартибсизликлар ташкил этиш факти бўйича иқрорлик кўрсатмаси беришда давом этиши”ни айтган.
Жиноят кодексининг мазкур ҳуқуқбузарлик қайд этилган тегишли моддасига мувофиқ, журналист 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Бундан ташқари, видеода Протасевич “соғлиғида, жумладан юраги ва бошқа бирон аъзосида муаммо йўқ”лигини билдирган. Аввалроқ Беларусдаги мухолиф қарашда бўлган оммавий ахборот воситаларида журналист оғир аҳволда шифохонага ётқизилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.
Айни пайтда Nexta Live телеграм-канали Роман Протасевичнинг видеоёзувдагига ўхшаш интерьерда олинган фотосуратини эълон қилди. Суратда журналистнинг юзида шилинган ва тирналган жойлар борлиги кўринади. “Авзойига қараганда Романни калтаклашган”, дея хулоса қилган канал муаллифлари.
Роман Протасевич 23 май куни Минскда ҳибсга олинган. Бу воқеа Афинадан Вильнюс шаҳрига учаётган Ryanair авиаширкати учоғи Беларусь пойтахтига фавқулодда қўндирилганидан сўнг юз берди.
Беларусь ҳукумати, гўё учоқ бортида бомба борлиги ҳақидаги хабардан сўнг уни Минскда қўндириш учун қирувчи самолётни ҳавога кўтарган, пировардида эса бу хабар ёлғон бўлиб чиққан. Лайнер ерга қўнгач, гўё салонда Протасевич ва унинг қиз ўртоғи, Россия фуқароси София Сапега борлиги маълум бўлган. Қиз ҳам журналист билан бирга қўлга олинган.
Европа ва АҚШ давлат раҳбарлари содир бўлган воқеа учун жавобгарликни Лукашенко режими зиммасига юклаб, журналистни дарҳол озод этишни талаб қилишган. Протасевич истиқомат қилган Литвада ҳаво кемасининг босиб олиниши факти юзасидан жиноят иши очилган.
АҚШ, Буюк Британия, Германия, Чехия, Польша, Ирландия, Украина, шунингдек Болтиқбўйи давлатлари Беларусь ҳаво ҳудуди орқали парвоз қилишни ва ушбу мамлакатга қатновларни бекор қилиш ташаббуси билан чиққан.