Минск кремлпараст Регнум агентлиги сайтини тўсиб қўйди

Беларусь расмийлари Россиянинг REGNUM ахборот агентлиги сайтини блокировка қила бошлаган. Нашр собиқ Совет Иттифоқи мамлакатларидаги воқеаларни Кремль позициясидан келиб чиққан ҳолда ёритиши билан танилган.

Регнум Россиянинг Минск томонидан блокировка қилинган илк оммавий ахборот воситаси бўлди. Бунгача “Комсомольская правда” сайтига тўсиқ қўйилган, бироқ бу нашр таҳририяти Беларусь ичида ҳам бор эди.

Регнумга тўсиқ қўйилганига 30 октябрь куни “Европа радиоси” эътибор қаратган. Блокировка қилиш сабаблари очиқланган эмас. Агентлик муаллифлари Минск расмийларини, ўз нуқтаи назарларича, Россияга қарши сиёсати учун бир неча бор танқид қилганлар ва икки давлат ўртасидаги янада тиғизроқ интеграцияга чақириб келганлар.

Аввалроқ Беларусь расмийлари Ғарб нашрлари ва мустақил ОАВни блокировка қилиб келганлар, улар орасида Озодлик радиоси беларус хизмати ҳамда “Настояшчее время” телеканали сайтлари ҳам бор.

Минск 2020 йил августида бўлиб ўтган президент сайлови ортидан мамлакатда матбуот ва фуқаролик жамияти фаолларига қарши босимни кучайтирган. Ўша пайтда сайловнинг расмий натижаларидан норози бўлган мухолифат қатор норозилик намойишларини ўтказганди. Шунга қарамай, Александр Лукашенко олтинчи марта сайлов ғолиби деб эълон қилинган.

Беларусда расмийлар ўзларига хайрохоҳ бўлмаган фуқароларга қарши минглаб жиноят ишлари очишган, ўн минглаб одам мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган. “Весна” инсон ҳуқуқлари маркази маълумотига мувофиқ, 30 октябрь ҳолатига кўра мамлакатда 831 нафар сиёсий маҳбус бор.