Минскда 83 ёшли қария дохил ўнлаб пенсионер қўлга олинди

Александр Лукашенкога қарши пенсионерлар акциясининг иштирокчиси, Минск, 2020 йил 14 декабри

Беларусь пойтахти Минскда Александр Лукашенко ҳукмронлигига қарши пенсионерлар юриши чоғида камида 26 киши қўлга олинди. “Весна” инсон ҳуқуқлари маркази маълумотига кўра, қўлга олинганларнинг энг кексаси 83 ёшга кирган.

Минсклик пенсионерлар одатда ўз акцияларини душанба кунлари шаҳар марказида ўтказиб келадилар. Бу сафар милиция уларнинг бир саф бўлиб йиғилишига йўл қўймаган – маълумотларга кўра, қўлга олишлар бу сафар юриш бошланмасидан аввал бошлаб юборилган.

Аввалроқ Беларусь милицияси одатда якшанба куни ўтказиладиган мухолифат акциясида 200 дан зиёд одамни тутиб кетганди.

Беларусда норозилик намойишлари 9 августдаги президентлик сайлови ортидан МСК Александр Лукашенкони сайлов ғолиби, деб эълон қилганидан кейин бошланиб кетган ва шу кунгача ҳам тингани йўқ. Намойишчилар кетма-кетига олти марта президентлик курсисини эгаллаган Лукашенконинг истеъфосини ҳамда қайта сайлов ўтказилишини талаб қилмоқдалар. Уларга кўра, сайловда мисли кўрилмаган сохталаштиришлар бўлган ва намойишлар иштирокчиларига хавфсизлик кучлари ходимлари томонидан аёвсиз муносабатда бўлинган.

Норозилик акцияларини бостириш чоғида камида беш киши нобуд бўлган. Ҳуқуқ фаолларига кўра, шу кунгача 30 минг нафарга яқин беларуслик қатағонга учраган.