Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қурилиши 27 декабрь куни бошланади. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров III Халқ қурултойида маълум қилди.
Халқаро темирйўл қурилиши жорий йил октябрда бошланиши режалаштирилганди.
Жапаров “ўнлаб йиллар мобайнида токчаларда чанг босиб ётган” темирйўл лойиҳаси рўёбига кўпчилик ишонмаганини айтаркан, у “Шарқ ва Ғарбни боғловчи стратегик кўприк” бўлишига ишонтирган.
Gazeta.uz нашри хабарига кўра, 20 декабрь куни Бишкекда Қирғизистон ҳукумати ва “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темирйўл компанияси ўртасида лойиҳалаштириш, қуриш, молиялаштириш, фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича инвестиция битими имзоланган. Битимга Қирғизистон Транспорт ва коммуникациялар вазири Абсаттар Сиргабаев ва темирйўл компанияси директорлар кенгаши раиси Чжун Шэнгуй имзо чеккан. Тадбирда Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси Саидикром Ниёзхўжаев ҳам қатнашган.
Хитойни Марказий Осиё давлатлари билан боғлайдиган темирйўл тармоғини қуриш лойиҳаси қарийб чорак асрдан бери муҳокама қилинади.
Узунлиги 486 км ни ташкил этувчи Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўл лойиҳаси Россия ва Қозоғистонга қарамликни камайтириши кутилмоқда.
Келишувга мувофиқ, Пекин қўшма корхонада 51 фоиз, Бишкек ва Тошкент 24,5 фоиздан улуш олади. Лойиҳа қиймати 4,7 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Ўзбекистон жорий йил 8 июль куни мазкур халқаро темирйўл лойиҳасини биргаликда амалга ошириш тўғрисидаги халқаро битимни тасдиқлаган эди.
“Мазкур темирйўл Хитойни минтақамиз билан боғловчи энг қисқа қуруқлик йўлига айланади. Келгусида ушбу йўл бизнинг мамлакатларимизга истиқболли Трансафғон йўлаги орқали Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ давлатларининг кенг бозорларига чиқиш имконини беради”, деган президент Шавкат Мирзиёев.
Қашғар – Торугарт – Макмал – Жалолобод – Андижон йўналиши бўйлаб ўтадиган халқаро темирйўлнинг йиллик юк ташиш ҳажми 15 миллион тоннагача етиши, товарни якуний истеъмолчига етказиш муддати 7 кунга қисқариши кутилмоқда.
Озодлик аввалроқ темирйўл қурилиши бўйича шартномада талай саволларга жавоб йўқлигига эътибор қаратганди.