Ўзбекистонда 2021 йили бўлиб ўтадиган президент сайлови халқаро стандартларга мувофиқ равишда ўтказилиши керак. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 29 декабрдаги парламентга мурожаатида билдирди.
Мирзиёевга кўра, Марказий сайлов комиссияси бўлажак сайлов миллий қонунчилик ва умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида, юксак савияда ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратиши лозим.
Президент мамлакатда ўтган сайловларда халқаро кузатувчилар томонидан берилган мақбул тавсияларни миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этиш ишлари давом эттирилишини урғулади.
“Бу муҳим сиёсий кампания янги Ўзбекистон шароитида сайловчиларимиз, барча фуқароларимизнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти, дунёқараши, гражданлик позицияси юксалиб бораётганини яна бир бор намоён этади, деб ишонаман”, деди Ш. Мирзиёев.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасида президент мамлакат фуқаролари томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланиши қайд этилган.
Ўзбекистонда сўнгги президент сайлови 2016 йил 4 декабрида ўтказилган. Унда, расмий маълумотларга кўра, сайловчиларнинг 88,61 фоиз овозини олган Ш. Мирзиёев ғалаба қозонган.