Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан 2 май куни телефон орқали мулоқот қилгани тўғрисида 3 май куни президент матбуот хизмати маълум қилди.
“Туркия етакчиси давлатимиз раҳбарини Конституция ислоҳоти бўйича умумхалқ референдуми муваффақиятли ўтказилгани билан самимий қутлаб, қардош Ўзбекистон халқига фаровонлик, тараққиёт ва равнақ тилади”,- дейилади расмий билдирувда.
Мулоқот чоғида Ўзбекистонда Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокидаги устувор инвестиция лойиҳаларини жадал амалга ошириш муҳимлиги қайд этилган.
Суҳбат якунида Мирзиёев Эрдўғонга май ойи ўртасида бўлажак президент сайловида муваффақиятлар тилади.
Аввалроқ 1 май куни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳамкасблари Шавкат Мирзиёевни телефон орқали биринчилардан бўлиб “муваффақиятли референдум” билан табриклагани хабар қилинган.
ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Референдумни кузатиш бўйича чекланган миссиясининг 1 май куни ёйинланган ҳисоботида референдумда ҳақиқий сиёсий плюрализм ва рақобат бўлмади, деган хулосасини эълон қилган.
МСК маълумотига кўра, 30 апрель куни ўтказилган референдумда овоз берувчиларнинг 84,5 фоизи иштирок этган, улардан 90.2 фоизи Конституцияга киритилаётган ўзгартишларни ёқлаган.