22 сентябрь куни Тошкент вилояти фаоллари билан учрашган президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон газ ва пахта экспортини тўхтатгани тўғрисида гапириб ўтди.
“Ҳозир эса пахтани ҳам, газни ҳам экспорт қилмаяпмиз. Ҳатто газни четдан сотиб ҳам оляпмиз. Сабаби, саноатимиз ривожланяпти. Ана шундай икки асосий маҳсулот четга сотилмаса ҳам экспортимиз ҳажми 2016 йилга нисбатан 5-6 баробар ошди”, – деб иқтибос келтирди президент сўзларидан Kun.uz.
Ўзбекистон Статистика қўмитасининг 2022 йилнинг январидан-августигача ўтган 8 ой учун берган ҳисоботида эса 645,9 миллион долларлик газ сотилгани, бу ўтган йилнинг мос даврига солиштирганда 60,9 фоизга кўплиги қайд этилган. Шу билан бир қаторда газ импорти 35,9 фоизга камайиб, 76,2 миллион долларни ташкил қилган.
Аввалроқ Озодлик радиоси Хитой Божхона бош бошқармасининг 20 июлдаги ҳисоботига таянган ҳолда Ўзбекистон 2022 йилнинг олти ойида Хитойга 404 миллион долларлик табиий газ сотгани тўғрисида хабар берган эди.
Хитой томонининг расман билдиришича, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,2 баробарга кўпдир.
Хитой Божхона бош бошқармаси ҳисоботида Ўзбекистон Хитойга энг кўп газ сотувчи беш давлатдан бири бўлиб қолаётгани қайд этилган. Биринчи ўринда олти ойда Хитойга 4,5 миллиард доллар газ сотган Туркманистон бормоқда. Ундан кейинги ўринларни эса Россия, Мьянма, Қозоғистон ва Ўзбекистон эгаллади.
Очиқ манбалардаги маълумотларга қараганда, Ўзбекистон ўзи қазиб олаётган газнинг камида 10 фоизини Хитойга сотмоқда.
Мавзуга алоқадор "Шартномаларни қайта кўриб чиқиш вақти келди". Ўзбек гази фақат Хитойга сотилмоқдаЎзбекистон ички истеъмол талаби кучайгани ортидан 2022 йил бошида Хитойга газ экспортини тўхтатганди. Аммо май ойидан бошлаб яна Хитойга газ экспорти қайта тикланган.
“Ўзтрансгаз” раҳбари Беҳзод Норматов 28 июнь куни Ўзбекистон 2025−2026 йилларга бориб хорижга газ сотишнинг бутунлай тўхтатиши мумкинлиги тўғрисида билдирган эди. Буни у газга бўлган ички талабнинг ошиб бораётгани билан изоҳлаган.
Ўзбекистон аҳолиси ҳар йилги куз-қиш мавсумида газ ва электр таъминоти тақчиллигига дучор бўлаётгани халқаро матбуотда, жумладан, Озодлик радиосида ёритиб келинади.
Мирзиёев 2016 йил декабрида президентликка келишидан аввал аҳолининг газ ва электр муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди. Аммо ўтган вақт ичида вазият ижобий томонга ўзгармаган.