Президент Шавкат Мирзиёев 31 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейида қилган чиқишида, СССР замонида юз минг ўзбекистонлик қатағон қилингани тўғрисида гапирди:
“Истиқлолимизга 31 йил бўлгани билан боболаримиз 100 йиллар олдин бунга ҳаракат қилган. 100 минг ватандошимиз қатағонга учраб, 13 минг нафари шафқатсиз отиб ташланган”.
Мирзиёевга кўра, ўтган бир йил ичида Ўзбекистон Олий суди томонидан 235 нафар қатағон қурбони оқланди.
Ўзбекистонда 2001 йилдан бери 31 август “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни” сифатида нишонланиб келинмоқда.
Жорий йилда ҳам Шаҳидлар хотираси хиёбонида ўтказилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар иштирок этди. Тадбир доирасида Қуръон тиловат этилди ва йиғилганларга ош тортилди.