Келгуси йилда камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш чора-тадбирлари доирасида томорқаларда деҳқончиликни йўлга қўйиш учун банклар томонидан 7 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар берилади, деб билдирди президент Шавкат Мирзиёев 15 ноябрь куни бўлиб ўтган видеоселекторда.
Президент ҳоким ёрдамчиларига бу имкониятлардан тўғри фойдаланишга ва томорқаси бўлган хонадонларда 100 та парранда, 20 та қуён, 5-6 та қўй ва эчки, камида 5-10 та курка, 5 та асалари уялари боқилишини ташкил этишга кўмаклашишга кўрсатма берди.
Видеоселекторда таъкидланишича, 500 минг гектар ер аҳоли томорқаси ҳисобланади ва кейинги йилда томорқалардан самарали фойдаланиш учун 100 миллион доллар йўналтирилади.
2022 йилда оилавий тадбиркорлик дастурлари, ишсиз аҳоли ва ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, хизмат кўрсатиш соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун 13 триллион сўм ажратилади.
Бундан ташқари пахта ва ғалладан бўшайдиган 200 минг гектар майдоннинг 80 минг гектари аҳолига берилади.