Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Санкт-Петербург шаҳрида МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди, деб хабар берди президент матбуот хизмати.
Норасмий саммитда Россия президенти Владимир Путин, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян қатнашди.
"Учрашувда 2023 йилги кўп томонлама ҳамкорликнинг асосий якунлари сарҳисоб қилинди ва келгуси йилга мўлжалланган устувор вазифалар кўриб чиқилди. МДҲ доирасида кўп қиррали муносабатларни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинди", дейилади расмий хабарда.
Ўзбекистон МДҲнинг 20 дан ортиқ тармоқ бўйича ҳамкорлик органларига ҳамда устувор соҳа ва тармоқлар бўйича 24 та муҳим битимга қўшилган.
Президент матбуот хизмати Ўзбекистонда МДҲ мамлакатлари компаниялари билан саноат кооперацияси бўйича лойиҳалар портфели 30 миллиард доллардан ошганини таъкидлаган.
Мирзиёев норасмий саммитда сўзлаган нутқида "МДҲ доирасидаги амалий ҳамкорликни тубдан кенгайтириш ва ҳамкорликнинг амалдаги институционал механизмлари самарадорлигини ошириш зарурлигини алоҳида қайд этди".
Шавкат Мирзиёев 22 декабрь куни ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгаши йиғилишида “босимлар” ортидан Прилепин баёнотига муносабат билдирар экан мамлакат учун манфаатли бўлган “тўғри йўлни топиш” осон бўлмаётганини тан олди.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, йиғилишда президент: “Илгари ўз мақсад ва манфаатларини асосан дипломатия ва сиёсат билан ҳимоя қилиб келган дунёдаги қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Афсуски, бундай кенг кўламли ва ўта зиддиятли жараёнларнинг таъсири Марказий Осиё минтақаси ва унинг таркибий қисми бўлган мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаяпти”, — деб айтган.
Нутқи давомида президент “ана шундай ғоят мураккаб ва таҳликали вазиятда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига жавоб берадиган тўғри йўлни топиш осон бўлмаётгани”ни таъкидлаган.
Мирзиёевнинг айтишича, бундай шароитда Ўзбекистон “барча давлатлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш”га ҳаракат қиляпти.
Ўзбекистон президенти бу гапларни айтар экан, алоҳида бир давлат номини тилга олмади.
Президентнинг бу баёнотидан аввалроқ - 21 декабрь куни Россиянинг Тошкентдаги элчиси Олег Мальгинов Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига "таклиф этилган" эди.
Бунга россиялик ёзувчи ва сиёсатчи Захар Прилепиннинг 20 декабрда “Россия сегодня” матбуот марказидаги анжуманда Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш тўғрисидаги баёноти сабаб бўлган.
Прилепин ўз баёнотида: “Биз Совет Иттифоқини қайта тиклаш мавзусини кўтарамиз ва бу бизга исталган вақтда „сизнинг икки миллион фуқаронгиз бизнинг ҳудудда экан, биз сизнинг ҳудудингизга даъво қиламиз, чунки кўпчилик аллақачон шу ерда, ҳаттоки бунга овоз беришган“, дейишга имкон беради. Киевдаги параддан кейин Евросиё ҳудудида бирор нарса қилишни бизга ким тақиқлайди? Ҳеч ким", - деб айтган эди.
Россия элчиси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига “таклиф қилингани”дан сўнг кўп ўтмай, Россия Ташқи ишлар вазирлиги қисқа баёнот эълон қилди.
“Захар Прилепиннинг Россия меҳнат миграцияси ва Ўзбекистон ҳудудининг Россияга қўшилиши ҳақидаги баёнотлари унинг шахсий фикри ва Москванинг расмий позициясини акс эттирмайди”, дейилади Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарованинг баёнотида.