БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида иштирок этиш учун Нью-Йоркка борган Шавкат Мирзиёев 18 сентябрь куни Европа кенгаши президенти Шарль Мишел билан музокаралар ўтказди.
Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, учрашув чоғида Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тез фурсатда қабул қилиш масаласи ҳам кўтарилган.
Озодлик радиоси 2022 йил июлида икки томонлама кенгайтирилган шериклик ҳамда ҳамкорлик тўғрисидаги янги битим бўйича музокаралар якунлангани ҳақида хабар берган эди. Бироқ шу кунгача бу битимни имзолаш юзасидан зарурий процедуралар якунланмаган.
Икки томонлама ҳамкорлик кўламини кенгайтирадиган мазкур битим ЕИ билан Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларда муҳим олға қадам бўлиб ҳисобланади.
Мирзиёев ва Мишел учрашувида, шунингдек, Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликни сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳаларда янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Расмий хабарда таъкидланишича, йил бошидан буён Ўзбекистоннинг ЕИ билан товар айланмаси ҳажми 35 фоизга ошган.
Европа Иттифоқи сўнгги бир йилда Марказий Осиё давлатларидан Россияга экспортнинг 300 фоизга кўпайганидан ташвиш билдирган. Европа Иттифоқи фикрича, Россияга экспортнинг кескин кўпайиши Марказий Осиё давлатларининг Москвага санкцияларни четлаб ўтишга кўмаклашаётгани билан боғлиқ бўлиши эҳтимол.
Апрель ойида Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистонда бўлган эди. 27 апрелда Тошкентда матбуот анжумани ўтказган Дэвид О’Салливан Ўзбекистон ва ЕИ республика Россияга санкцияларни четлаб ўтувчи ҳудудга айланиб қолмаслиги йўналишида ҳамкорлик қилаётганини айтганди.
Апрель ойида эса АҚШ ва Британия россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг USM холдинги ва унга алоқадор ширкатларга санкциялар жорий этди. Ўзбекистондаги “Оҳангаронцемент”ни 98,6 фоиз улушини 2022 йил бошида USM холдинги томонидан таъсис этилган Akkermann Cement CA сотиб олган эди. АҚШ ва Британия жорий этган чекловлар “Оҳангаронцемент”га ҳам тегишлидир.