Президент Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 5−7 октябрь кунлари расмий ташриф билан Москвага боради.
Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, Мирзиёев Москвада Путин билан музокаралардан сўнг бош вазир Михаил Мишустин билан ҳам учрашади.
Музокараларда икки томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинади. Шунингдек, савдо ва иқтисодиёт, инвестиция, миграция ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳам муҳокамалар мавзуси бўлади.
Мирзиёев Россияга ташрифи доирасида Татаристон пойтахти Қозонга ҳам боради. У бу ерда Татаристон раҳбари Рустам Миннихонов билан учрашади.
Мирзиёевнинг Москвага сафари Марказий Осиё президентларининг АҚШ ва Германияда ўтган саммитларидан сўнг амалга оширилмоқда.
Статистик маълумотларга таянилса, Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Тошкент ва Москва ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик кўрсаткичи ўсгани кузатилади. Европа Иттифоқи сўнгги бир йилда Марказий Осиё давлатларидан Россияга экспортнинг 300 фоизга кўпайганидан ташвиш билдирган. Европа Иттифоқи фикрича, Россияга экспортнинг кескин кўпайиши Марказий Осиё давлатларининг Москвага санкцияларни четлаб ўтишга кўмаклашаётгани билан боғлиқ бўлиши эҳтимол.
Апрель ойида Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистонда бўлган эди. 27 апрелда Тошкентда матбуот анжумани ўтказган Дэвид О’Салливан Ўзбекистон ва ЕИ республика Россияга санкцияларни четлаб ўтувчи ҳудудга айланиб қолмаслиги йўналишида ҳамкорлик қилаётганини айтганди.