Сўнгги 20 кунда Мирзиёев Путин билан икки марта телефонда гаплашди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 6 март куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар берди президент матбуот хизмати.

Мулоқотда товар айирбошлашнинг ўсиш суръатларини қўллаб-қувватлаш, турли тармоқларда инвестиция лойиҳаларини олға суриш ва саноат кооперациясини кенгайтириш муҳокама қилинди.

Бундан ташқари президентлар ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва минтақавий шериклик масалаларини кўриб чиқдилар.

Кремль сайтида эса Россия ва Ўзбекистон президентлари “стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантиришнинг бир қатор долзарб масалаларини, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни” муҳокама қилгани қайд этилади.

Бундан аввал Мирзиёев Путин билан 16 февраль куни гаплашган эди. Хабарларда қайд этилишича, 6 март куни Путин Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Токаев билан ҳам телефон орқали мулоқот қилган.

2022 йил ноябрь ойи ўрталарида Путин Тоқаев билан Москвадаги учрашуви чоғида Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида “уч томонлама газ иттифоқи” тузиш истагини билдирган эди.

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 7 декабрь куни журналистлар билан мулоқот чоғида Тошкент “ҳеч қачон газ эвазига сиёсий шартларга рози бўлмайди”, деб айтган. Вазирга кўра, Россия билан газ етказиб бериш бўйича шартнома тузилиши иттифоқ тузилишини англатмайди.

Озодлик радиоси жорий йилнинг куз ва қиш мавсумида Ўзбекистонда юз берган энергетик инқироз ҳақида кўплаб хабарларни ҳамда ўзбек газини оффшордаги ширкатлар воситасида ҳорижга сув текинга пуллангани тўғрисидаги журналистик суриштирувни эълон қилган.

Мавзуга алоқадор Озодлик суриштируви: Ўзбекларни газсиз қолдирган махфий келишувлар


Озодлик суриштируви Ўзбекистон кандай қилиб минтакадаги етакчи газ ишлаб чиқарувчисидан импорт киладиган давлатга айланганини фош этади.

Бугунги кунда Ўзбекистон Россиядан газ сотиб олиш бўйича музокараларни давом эттирмоқда. Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва “Газпром” 24 январь куни газ соҳасидаги ҳамкорликка оид йўл харитаси имзолаганди. Йўл харитасида 1 мартдан эътиборан “Ўрта Осиё – Марказ” қувури орқали Ўзбекистонга газ узатиш бошланиши керак эди. Аммо бу режа шу кунгача амалга оширилмади.

Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг билдиришича, ҳозирги кунда Россиядан газ импорт қилиш борасида аниқ келишувга эришилмаган. Бу масаладаги музокаралар ва қўшимча текшириш ишлари давом этмоқда.

Январь ойининг охирларида эълон қилинган Статистика қўмитасининг ҳисоботида, Россия 2022 йилда Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида биринчи ўринни эгаллагани қайд этилган эди.

Статистик маълумотларга қараганда, 2022 йилда Россия билан савдо айланмаси 22,9 фоизга ошди ва 9 миллиард 279 миллион 700 минг долларни ташкил этди.

Россияга экспорт ҳажми 46,8 фоизга кўпайиб, 3,07 миллиард доллар бўлди. Импорт эса 13,7 фоизга ошиб, 6,2 миллиард долларга етди.