Мирзиёев 6 июнь куни Туркияга сафар қилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (ч) туркиялик ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан (архив сурати)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 6 июнь куни расмий ташриф билан Туркияда бўлади. Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, ташриф Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон таклифига биноан амалга оширилмоқда.

Қайд этилишича, Мирзиёев сафари доирасида Анқарада Туркия ва Ўзбекистон президентлари раислигида Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилиши ўтказилиши кутилмоқда.

Саммит кун тартибидан Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган. Амалий ҳамкорликни кенгайтириш, энг аввало, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, саноат, "яшил" энергетика, электротехника, тўқимачилик, фармацевтика тармоқлари, қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишларда, шу жумладан давлат-хусусий шериклик дастури доирасида кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилади”, дейилган хабарномада.

Шунингдек, томонлар фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш масалаларини кўриб чиқиши ҳамда халқаро сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашиши ҳам урғуланган.

Икки давлат раҳбарлари музокараларининг якунлари бўйича қатор икки томонлама ҳужжатлар қабул қилиниши режаланган.

Шу билан бирга, Эрдўғон ва Мирзиёев икки мамлакат етакчи корхоналари ва компаниялари раҳбарлари билан биринчи қўшма учрашувини ўтказишлари қўшимча қилинган.

Мирзиёев сўнгги бор Туркия пойтахтига ўтган йилнинг март ойида сафар қилган. Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммити муносабати билан Анқарага борган Ўзбекистон президенти ўшанда туркиялик сайловчиларни май ойида бўлиб ўтадиган президент сайловида амалдаги президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон номзодини “тўлиқ қўллаб-қувватлаш”га чақирган эди. Ўша сайловнинг иккинчи босқичида Эрдўғон 52,14 фоиз овоз билан яна бир муддатга президентликка сайланганди.