Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 70 ёшини қаршилаётган Россия президенти Владимир Путинни “Олий Даражали Дўстлик” ордени билан мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Ўзбекистон Президенти матбуот хизматига кўра, Путинга мазкур орден Ўзбекистон билан Россия “халқлари ўртасидаги анъанавий дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини ривожлантиришга қўшган улкан шахсий ҳиссаси" муносабати билан ҳам берилган.
7 октябрь куни 70 ёшга тўладиган Путин Россияни 22 йилдан буён бошқариб келади. Ўтган йили Россия конституциясига киритилган ўзгартишларга мувофиқ у 2026 йилдан кейин ҳам 14 йил ҳокимиятда қолиши мумкин. Аммо таҳлилчиларга кўра, ҳозирда Путиннинг ҳокимиятдаги умри Украинадаги урушга боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Путин Ўзбекистон президенти томонидан юксак мукофотга лойиқ кўрилган биринчи давлат раҳбари эмас. Икки йил муқаддам таъсис этилган “Олий Даражали Дўстлик” орденини Мирзиёев биринчи бўлиб шу йил сентябрида Самарқандда Хитой раҳбари Си Цзиньпинга топширганди.
Маҳаллий ва хорижий матбуот, жумладан, Украина оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон президенти Самарқандда Хитой раҳбарига юксак эҳтиром кўрсатгани ва Россия раҳбари Путин яккаланиб қолгани ҳақида ёзган.
Самарқандга ташриф чоғида Путин Ўзбекистон раҳбарига “Александр Невский” орденини топширганди.
Ўзбекистонлик таниқли блогер Никита Макаренконинг ёзишича, Путинга берилган орден шунчаки, "дипломатик лутф" холос.
"Бу эътибор ва таҳлилни талаб қиладиган жиддий нарса деб ўйламайман.
Тўғрироғи, уч миллион меҳнат муҳожирларимиз тиқилиб қолган мамлакатга илтифот кўриниши.
Улар уйда бўлганларида яхшироқ эди", деб ёзди Макаренко.
Ўзбекистон Россиянинг Украинага уруши юзасидан нейтрал позицияни эгаллаган. Шу йил 26 февралида Ўзбекистон президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов Кремлнинг "Тошкент Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётига тушуниш билан ёндашгани" ҳақида берган баёнотини рад этган эди.