Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мустақилликдан сўнг ўтган 30 йил мобайнида Наманган вилоятида бирорта ҳам йирик корхона қурилмагани юзасидан таассуф билдирган. Бу эътироф унинг тилидан Наманган шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида журналистлар саволига бериш чоғида янграган.
“Бу вилоят билан Фарғонани таққослаб, таҳлил қилиб кўрайлик. Фарғонада нефтни қайта ишлаш заводи, “Фарғонаазот” каби катта-катта корхоналар бор. Наманганда-чи? Умуман йирик корхоналар йўқ. Афсуски, 30 йил ичида бу вилоятда мақташга арзигулик катта корхоналар қурмадик”, дея иқтибос келтиради Ш. Мирзиёев сўзларидан Газета.уз нашри.
Вилоят аҳли тартиб-интизомни яхши кўришини, уларнинг иш услубини мақтаган президент бошқа вилоятларда солиқнинг асосий қисмини йирик корхоналар бажаришини, Наманганда эса бу вазифани ўрта ва кичик бизнес бажаришини таъкидлаган.
“Ўтган йили пандемия пайтида вилоятнинг ялпи ишлаб чиқариши 5 фоиздан ошди, саноат улуши 16 фоиз бўлди. Ҳеч қайси вилоятда бундай натижа бўлгани йўқ”, деган Ш. Мирзиёев Наманганда келажакда қандай йирик корхоналар қурилиши мумкинлигига тўхталмаган.
Мазкур мулоқот чоғида президент мамлакатда ислоҳотларга тўсиқ бўлаётган энг муҳим уч муаммони тилга олган.
Мирзиёевга кўра, муаммоларнинг биринчиси “аравани тортмаётган” кадрлар масаласи, иккинчиси – коррупция, учинчиси эса “давлат идоралари раҳбарларининг савияси, билими бугунги замон талабида эмас”лигидир.
Президент Ш. Мирзиёев 18 февраль куни хизмат сафари билан Наманганга боргани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.