Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қозоғистонлик ҳамкасби Қасим-Жомарт Тоқаев таклифига биноан 17 сентябрь тонгида “Марказий Осиё – Германия” саммитида иштирок этиш учун Остона шаҳрига жўнаб кетган.
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, Остона халқаро аэропортида Мирзиёевни Қозоғистон бош вазири Ўлжас Бектенов ва бошқа расмий шахслар кутиб олган.
Остонадаги саммит “Марказий Осиё – Германия” форматида олий даражада ўтказилаётган учрашувларнинг иккинчисидир – биринчи саммит 2023 йилнинг 29 сентябрида ГФР пойтахти Берлинда ўтказилган эди.
Остона саммитида Марказий Осиё мамлакатларининг Германия билан кўп қиррали ҳамкорлигини янада теранлаштириш, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, технологиялар, транспорт-коммуникация ва бошқа устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтиришга оид масалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Тадбирда кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинади, минтақавий ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилади. ГФР канцлери Олаф Шольц ҳам иштирок этадиган саммит кун тартибидан Марказий Осиё президентларининг Германиядаги йирик компания ва банклар раҳбарлари билан учрашуви ҳам ўрин олган.
Олаф Шольц уч кунлик ташриф билан Марказий Осиёга йўл олгани, канцлер минтақа сафарини Ўзбекистондан бошлаб, икки кунлик сафар чоғида Самарқандда қатор тадбирларда иштирок этгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.