Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 март куни АҚШнинг сенатор Стивен Дэйнс ҳамда Вакиллар палатаси қўмитаси раиси Майк Рожерс бошчилигидаги делегацияларини қабул қилган.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда Ўзбекистон-АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.
Ўзбекистон президенти икки давлат ўртасидаги парламентлараро алоқаларни, шу жумладан АҚШ Конгрессида фаолият юритаётган Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича кокус ишини юқори баҳолаган.
Учрашувда иштирок этаётган америкалик депутатларнинг ўзлари вакили бўлган Монтана, Алабама, Вашингтон, Калифорния ва Техас штатлари билан Ўзбекистон ўртасида фаол амалий ҳамкорликни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилган.
“Таълим, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар, тоғ-кон саноати, “яшил” энергетика, фармацевтика, озиқ-овқат тармоғи ва бошқа соҳалар кооперация учун истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилди”, дейилган президент матбуот хизмати хабарномасида.
Шунингдек, қабул пайтида, АҚШ ҳудудлари бизнесининг Ўзбекистонга сафарларини ташкил этишга келишиб олинган, ҳамда Афғонистондаги вазият дохил халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилган.