Мирзиёев АҚШ савдо вакили билан ЖСТ масаласини муҳокама қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва АҚШ cавдо вакили Кэтрин Тай ўртасидаги учрашувдан лавҳа (president.uz фотоси)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11 июнь куни АҚШ cавдо вакили Кэтрин Тайни қабул қилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашув чоғида Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.

Ишбилармонлик алоқалари фаоллашгани, ўзаро товар айирбошлаш ва инвестициялар кўрсаткичлари барқарор ўсаётгани мамнуният билан қайд этилди”, дейилган хабарномада.

Қабул чоғида, шунингдек, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши, GSP тизимини қайта тиклаш, “C5+1” формати ҳамда Савдо ва инвестициялар бўйича ҳадли битим доирасида амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилган.

Хабарномада учрашув пайтида саноат кооперацияси учун янги соҳаларни аниқлаш ва тегишли лойиҳаларни илгари суриш бўйича қўшма платформани ишга тушириш муҳим экани таъкидлангани қўшимча қилинган.

Маълумотларга кўра, АҚШ cавдо вакили Кэтрин Тай 11 июнь куни Ўзбекистон президенти ёрдамчиси ва қизи Саида Мирзиёева билан ҳам учрашган.

Аввалроқ америкалик мулозиманинг Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев, инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев билан ҳам учрашиши, меҳнат ҳуқуқлари ва умуман инсон ҳуқуқларига ихтисослашган Uzbek Forum ташкилоти вакиллари ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан тайёрланган меҳнат ҳуқуқларини мониторинг қилувчи мутахассислар билан учрашув ўтказиши режалангани билдирилган.

12 июнь куни Кэтрин Тайнинг Самарқандга ташриф буюриб, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов билан учрашиши ва шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилиши кутилмоқда.